Жавдарзордаги халоскор. Дж. Д. СэлинджерЧитать онлайн книгу.
мгина жонивор. Инглизларники. Уни сотиб оламан деб акам нақд тўрт юз долларча пулнинг баҳридан ўтди-я, азамат. Ҳозир унинг соққаси мўл. Олдин унақа эмасди. Биз билан турганида у оддий бир ёзувчи эди. Кейин “Сирли олтин балиқ” номли кичик ҳикоялардан иборат ажойиб китоб ёзди (мабодо бехабар бўлсангиз билиб қўйинг дейман-да). Ҳикоялар ичидаги энг зўри ҳам ўша “Сирли олтин балиқ”нинг ўзи. Ҳикоя ҳеч кимни олтин балиқчасига яқин йўлатмайдиган жажжи болакай ҳақида. У ҳатто олтин балиқчасига қарашга қўймайди. Боиси у олтин балиқни ўз пулига сотиб олган эди-да. Мана буни ҳикоя деса бўлади! Энди бўлса акам Ҳолливудда, “ўзини фоҳишаларга ўхшаб сотиш”, аниқроғи сценарий ёзиб, истеъдодини пуллаш билан овора. Дунёда энг ёмон кўрган нарсам – кино. Олдимда кинони тилга ҳам ола кўрманг.
Ҳикоямни Пенси мактаб гимназиясидан кетган куним юз берган воқеалар билан бошламоқчиман. Пенси Пенсилвания штатидаги Эгерстаун шаҳарчасида жойлашган мактаб. Қулоғингизга чалингандир, ҳойнаҳой. Ҳеч қурса, рекламаларда кўрган бўлсангиз керак. Мактаб ҳақидаги эълонлар ўзиям минглаб газеталарда босилиб чиқади. Эълонда нуқул уддабурон бир йигитчанинг от миниб, тўсиқдан сакраб ўтаётган расми туради. Гўёки Пенсида фақат отда поло ўйнашдан бошқа ишимиз йўқдек. Мен умрим бино бўлиб мактаб теварагида лоақал бир дона от кўрган бўлсам, ўлай агар. Чавандоз бола тасвири остида доим “1888 йилдан буён бизнинг мактаб болакайларни ажойиб ва зукко йигит этиб тарбиялаб келмоқда”. Бемаъниликнинг ўзгинаси! Пенсининг бошқа мактаблардан заррача фарқи йўқ. Қолаверса, Пенсида бирорта ҳам ажойиб ва зукко ўқувчини кўрган эмасман. Ана нари борса, икки-учта ақлли йигит учраб қолар. Афтидан улар ҳам Пенсига келмасдан аввал ақлли бўлишган.
Хуллас, ўша шанба “Саксон Ҳолл” жамоасига қарши футбол ўйини бўладиган кун эди. Бу ўйин йилнинг энг сўнгги мусобақаси бўлгани сабабли Пенси учун жуда аҳамиятли эди. Агар мактаб жамоаси ютқазиб қўйса борми, жонимизга қасд қилаверсак ҳам бўларди. Соат тушки учларда Томсен тепалигида Шимолий Американинг Британия мустамлакачилигига қарши инқилоб урушидан қолиб кетган бир замбарак тўпининг ёнида туриб ўйинни кузатганим ёдимда. Тепаликдан бутун майдон кафтдек намоён эди. Икки жамоа ўйинчиларининг майдонда бир-бирини уриб-туртиб олға интилаётгани кўриниб турарди. Секторларни аниқ кўриб бўлмасди-ю, лекин ундаги томошабинларнинг Пенси жамоасини қўллаб-қувватлаб овози борича қичқираётганини эшитмай илож йўқ эди. Сабаби, мени ҳисобга олмаганда, бутун мактаб ўша ерда жам бўлганди. “Саксон Ҳолл” томондан эса борйўғи бир неча киши келганди, холос. Одатда меҳмон жамоа ўзи билан кўп мухлислар олиб келмасди.
Томошага қизлар аҳёнда келарди. Юқори синф ўқувчиларигагина ўзи билан қиз ўртоқларини олиб келиши мумкин эди. Қай тарафдан қараманг, Пенси ярамас мактаб эди. Мен ҳеч бўлмаса онда-сонда қиз болага кўзинг тушиб турадиган бирор мактабда ўқишни хоҳлардим. Ўша қизлар керишаётган, бурнини қоқаётган, борингки, ҳиринглаб кулаётган бўлса ҳам майли эди. Селма Турмер эса мактаб мудирининг қизи эди ва у ўйинларга тез-тез келиб турарди. Лекин уни ҳушни оладиган қадар кетворган деб бўлмасди. Шунга қарамай, у жуда яхши қиз эди. Бир марта мен у билан Эгерстаундан қайтаётган автобусда ёнма-ён ўтириб қолиб, гаплашиб келгандим. У менга ёққанди. Селманинг бурни катта, тирноқлари эса тишлаб ташланган, қонталаш эди. Кўкрагини каттароқ кўрсатиш учун алламбалолар тақиб юрарди. Негадир одамнинг унга раҳми келарди. Селманинг менга ёққан жиҳати – у отасининг қандай буюк одам эканлиги ҳақида ахлат гапларни айтиб ўтирмасди. Кўринишидан у ҳам отасининг қандайин муттаҳамлигини биларди.
Ўйинни ҳамма билан бирга эмас, тепаликдан туриб кузатаётганимнинг сабаби бор эди. Ўша вақтда қиличбозлик жамоамиз билан Нью-Йоркдан қайтиб келганимизга кўп бўлмаганди. Камина жамоамиз сардори эдим. Жуда “шарафли” иш, билсангиз. Ўша куни тонгда Мак-Берни мактаби билан қиличбозликда беллашиш учун Нью-Йоркка боргандик. Лекин беллашув бўлмади. Шу десангиз, мен рапираларни, барча махсус кийим ва қурол-аслаҳаларни метрода унутиб қолдирибман, жин урсин. Лекин атай қилмадим-ку! Тушадиган бекатимизни ўтказиб юбормай деб харитага қарайвериб юклар ёдимдан кўтарилиб кетибди-да. Хуллас, биз Пенсига оқшом пайти эмас, туш вақти соат икки яримларда қайтиб келдик. Қайтаётганимизда йўл бўйи бутун жамоа мени яккалаб қўйди. Бир тарафдан бу жуда кулгили ҳолат эди, сизга айтсам.
Ўйинни пастга тушиб томоша қилмаётганимнинг яна бир сабаби, мен тарих муаллимимиз қария Спенсернинг олдига хайр-хўшлашгани боришим керак бўларди. У грипга чалинганди ва қишки таътил бошлангунча уни қайтиб кўролмаслигим турган гап эди. Қария Спенсернинг ўзи уйга кетишимдан олдин мен билан кўришмоқчилигини айтиб, хат ёзиб қолди. У Пенсига қайтиб келмаслигимни биларди.
Ана холос! Айтиш буткул ёдимдан кўтарилибди-ку. Мени мактабдан ҳайдашганди. Тўртта фандан йиқилганим ва ўқишга лоқайдлигим учун қишки таътилдан сўнг мактабга қайтиб келмасам ҳам бўларди. Мени фанларга жиддий ёндашиш, қунт билан ўқиш ҳақида тез-тез огоҳлантириб туришарди. Айниқса, оралиқ назорат пайтлари ота-онам қария Турмер билан суҳбатга келганида. Лекин мен огоҳлантиришларга қулоқ солмадим. Шу боис улар қўлимга тўрва-халтамни тутқазишди. Пенсида бундай ҳолат тез-тез бўлиб туради. Мактабимизнинг академик рейтинги баланд-да! Чиндан ҳам шундай, ишонинг.
Қисқаси,