Алвидо, қурол. Эрнест Миллер ХемингуэйЧитать онлайн книгу.
аётганимда Канзас-Ситида ўғлим Патрик туғилди, уни онасининг қорнини кесиб олдилар. Мен Оук-Паркда, Иллинойсда, сўнгги вариант устида ишлаётганимда отам ўзини отиб қўйди. Бу китобни тугатганимда ҳали ўттизга кирмагандим, у биржада буҳрон рўй берган кун дунё юзини кўрди.
Мен доим, отам шошди, деб ўйлайман, бироқ, балки унинг сабр косаси тўлиб кетгандир. Отамни ниҳоятда севардим, шунинг учун у ҳақда бир нарса деб мулоҳаза юритишим лозиммас.
Мен барча ушбу воқеаларни ва ўзимиз яшаган жойларни, ўша йили бўлган яхши-ёмон гапларнинг ҳаммасини эслайман. Лекин ҳаммасидан ҳам китобда яшаган ҳаётимни, ўзим кунба-кун тўқиб чиқарган ҳаётни яхшироқ хотирлайман. Шу мамлакат, шу одамлар ва уларнинг бошдан кечирганларини тўқир эканман, дунёда мендан ҳам бахтлироқ одам йўқ эди. Ҳар куни мен ёзилганларни бир бошдан ўқиб чиқар ва шундан сўнг давом эттирар ва ҳар куни яхши ёзиб турганимда, бундан бу ёғига нима ёзишим маълум бўлган бир пайтда ишни тўхтатар эдим.
Китоб фожиа билан тугаётгани мени ранжитмасди, чунки, мен умуман ҳаёт – фожиадан иборат, унинг ҳамма кўчалари бир жойга олиб боради, деб билардим. Бироқ ёза олишингдан, ёзганда ҳам ҳаққоний қилиб, кейин ўзинг ўқиганда ҳам лаззатланадиган қилиб ёза олишингдан ва ҳар кунингни мана шу ёқимли иш билан бошлашдан қувончлироқ нарса йўқ бўлса керак. Бунинг олдида бошқа ҳамма нарса арзимас гаплардир.
1926 йилда бир романим чиққан эди. Лекин уни ёзган пайтларим ҳали роман устида қандай ишлаш кераклигини мутлақо билмасдим: мен жуда ҳам тез ёзар ва айтадиган гапим қолмагандагина тўхтардим. Шунинг учун биринчи варианти жуда ҳам ёмон чиқди. Мен уни ярим йилда ёзиб тугатдим, кейин мутлақо қайтадан кўчириб чиқдим. Лекин қайта ишлаётганда мен жуда кўп нарсаларни ўргандим.
Ноширим, Чарльз Скрибнер отларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, нашриёт ишлари ҳақида нимани билиш керак бўлса, барини, эҳтимол, билса ҳам керак, ўрганмаган қулоққа гарчи ғалати эшитилса-да, китобларни ҳам унча-мунча тушунади, мендан безакларга қандай қарайсиз, китобингизни безакли қилиб чиқарсак, розимисиз, деб сўраб қолди. Агар рассом ёзувчидай ўз ишининг устаси бўлмаса, бунга жавоб бериш осон бўлади, чунки ёзувчи ўзи жонли гувоҳ бўлиб кўрган-билган ҳодисаларни, мамлакатларни, нарсаларни булардан бехабар бир кимса томонидан билар-билмас акс эттирилишига сира рози бўлолмайди.
Агар мен воқеаси Багам оролларида кечадиган роман ёзганимда эди, мен унинг безакларини Уинслоу Хомер ишлашини истаган бўлардим, бироқ шундаям ундан бирон нарсани безашни эмас, Багам оролларини ва у ерда кўрганларини чизишни сўраган бўлардим. Агар мен Мопассан бўлганимда (қани эди, ундай бўлиш ўликларга ҳам, тирикларга ҳам насиб бўлса) мен ўз китобларимга безак сифатида Тулуз-Лотрекнинг расм ва суратларини, Ренуар умрининг ўртасида чизган айрим пленерларини олган бўлардим, Норманд табиати манзараларига эса ҳеч кимнинг қўлини урдирмаган бўлардим, чунки ҳеч бир рассом бунда у билан тенглашолмасди.
Агар фалон ё пистон ёзувчи бўлганимда дейиладиган бўлса, уларга муносиб рассомларни топса бўларди. Лекин у ёзувчилар ҳозир бўлмаганларидай, у рассомлар ҳам ҳозир ўлиб кетишган, Макс Перкинс ва яна бошқа кўплар ҳам ўтган йили ўлиб кетишди. Бу йилнинг шуниси яхшики, олдинда бизни қандай айрилиқлар кутаётган бўлмасин, у ўтган йилдан кўра ёмонроқ бўлмайди, ёки 1944 йил, ёки 1945 йилнинг эрта қиш ва кўклам чоғларичалик ёмон бўлмас. Булар айрилиқларнинг мўл ҳосиллари кўтарилган йиллар эди.
Биз ушбу йилни ўртада пул йиғиб шампан сотиб олиб Сан-Вэллида, Айдахода кутиб олганимизда, кимдир бир ўйин таклиф қилди: тортилган арқон ёки ёғоч калтак тагидан елкада судралиб ўтиш керак эди, ўтаётганда ҳеч қаерингиз арқон ёки таёққа тегиб кетмаслиги шарт қилинганди. Мен бир бурчакда Ингрид Бергман билан халфана шампанни ичиб ўтирардим, унга дедим: «Қизим, бу йил йилларнинг энг Худо ургани бўлади» (Сифатлар тушириб қолдирилади).
Мисс Бергман, нега ундай деб ўйлайсиз, деди. Унга ҳозирча ҳамма йиллар бир-биридан яхши бўлиб келган, шунинг учун менинг фикримга қўшилиши қийин эди. Мен сўзга бой эмасман, сўзнинг кифтини келтириб гапиролмайман, шунинг учун бунинг сабабларини сизга батафсил тушунтириб беролмайман, лекин қатор, бир-бирига боғланмаган аломатларга қараганда, яхшилик бўлишини кутиш қийин, таёқнингми, арқоннингми тагидан ўрмалаб ўтаётган бойваччаларнинг кўриниши ҳам яхшиликдан дарак бермайди, дедим. Шу билан гапни тугатдик.
Шундай қилиб, бу китоб биринчи марта 1929 йилда, Нью-Йорк биржасида талафот юз берган куни майдонга чиқди. Безакли нашри бу йил кузда чиқиши керак. Бу вақт ичида Скотт Фицжеральд ўлди, Том Вулф ўлди, Жим Жойс ўлди (у биографлари томонидан ўйлаб ёзилган Жойсга сира ўхшамайди, антиқа ўртоғимиз эди. Бир куни у ичиб ўтирганимизда, ме-нинг китобларим сизга жуда ҳам ибтидоий бўлиб кўринмайдими, деб сўраганди); Жон Бишоп ўлди, Макс Перкинс ўлди. Ўлиши керак бўлган яна бир қанча одамлар ўлиб кетишди; бир хиллари Милан бензен шохобчаларида оёқларидан осилдилар, бошқалари яхшими, ёмонми бомбардимон қилинган немис шаҳарларида осиб қўйилди. Қанчадан-қанча номаълум, номсиз, нишонсиз, бироқ ҳаётни жуда ҳам севган кишилар йўқ бўлиб кетишди.
Бу китоб «Алвидо, қурол!» деб аталади, у ёзилгандан кейинги уч йилдан бу ёғига ер юзининг қаеридадир тўхтовсиз уруш бўляпти. Кўплар ўшанда