МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. РобинсонЧитать онлайн книгу.
қилишга уриниш вақтида испанларнинг “Енгилмас Aрмада” флотининг тор-мор келтирилиши Европа сиёсий доираларини ларзага солди. Aнглиянинг ғалабаси қанчалик муваффақиятли бўлмасин, у инглизларнинг денгизлардаги ўзига бўлган ишончи ортиши нишонаси эди ва бу ишонч алалоқибатда Aнглияга мустамлакачилик империяси борасидаги курашда қатнаша олиш имконини берарди.
Шу боис инглизларнинг Шимолий Aмерикани истило қилиши айни вақтда бошлангани тасодиф эмас. Бироқ улар аллақачон кечикканди. Инглизлар Шимолий Aмерика уларни ўзига мафтун қилгани учун эмас, балки уларда бошқа танлов қолмагани учун шундай қилди. Aмериканинг эксплуатация қилиш учун кўплаб маҳаллий аҳолига эга ҳамда олтин ва кумуш конлари жойлашган “мақбул” ҳудудлари аллақачон эгаллаб олинганди. Инглизларга сарқитларгина қолганди. ХVIII асрда яшаган инглиз ёзувчиси ва агроном Aртур Янг “асосий маҳсулотлар” – экспорт қилиш мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қаерда ишлаб чиқариш фойдалироқлиги ҳақида сўз юритар экан, шундай ёзади:
Умуман олганда, мустамлакаларимизда ишлаб чиқариладиган асосий маҳсулотлар миқдори уларнинг қуёшгача бўлган масофасига қараб камайиб боради. Энг иссиқ ҳудуд саналган Вест-Индияда ишлаб чиқариладиган маҳсулот киши бошига 8 фунт 12 шиллинг 1 пенсни ташкил қилса, жанубий минтақаларда бу кўрсаткич 5 фунт 10 шиллингга тенг. Марказий туманларда бу 9 шиллинг 6.5 пенсга тўғри келса, шимолий манзилгоҳларда 2 шиллинг 6 пенсга етади. Бу рақамлар бизга энг керакли сабоқни беради – шимолий кенгликларни истило қилишдан сақланиш лозим.
Инглизларнинг 1585–1587 йилларда Шимолий Каролинадаги Роанок оролида мустамлака қуришга бўлган дастлабки уриниши бутунлай муваффақиятсизликка учради. 1607 йилда улар яна уриниб кўрди. 1606 йил тугашига яқин капитан Кристофер Ньюпорт бошчилигида учта кема – “Susan Constant”, “Godspeed” ва “Discovery” Виржиния сари йўлга чиқади. “Виржиния” компанияси (“Virginia Company”) кўмагида мустамлакачилар Чесапик кўрфазига кириб, Aнглия қироли Жеймс номи берилган дарё орқали сузиб боради. 1607 йилнинг 14 май куни инглиз истилочилари Жеймстаун манзилгоҳига асос солади. “Виржиния” компанияси эгалик қилган кемалардаги денгизчи-истилочилар инглиз бўлсалар-да, улар Кортес, Писарро ва де Толедо каби испан мустамлакачилари жорий қилган тартиблардан андаза олган мустамлакачилик усулидан фойдаланди. Уларнинг дастлабки режаси маҳаллий сардорни қўлга олиш ва ундан зарурий таъминот олиш, аҳолини ўзлари учун озиқ-овқат ва бойлик етиштиришга мажбурлаш воситаси сифатида фойдаланишдан иборат эди.
Биринчи бор Жеймстаунда қўним топган инглиз мустамлакачилари Ваҳунсунакок исмли қирол бошқарадиган, қиролга тобе бўлган ўттиз қабиланинг Поуҳатан конфедерациясига қарашли ерга жойлашганларидан бехабар эди. Қабилалар иттифоқининг пойтахти Веровокомоко шаҳри Жеймстаундан атиги 20 мил9 масофада жойлашганди. Мустамлакачилар дастлаб ҳудудни ўрганишни режа қилишди. Ерли аҳоли егулик ва ишчи кучи билан таъминлашга кўнмаса, мустамлакачилар улар
9
Мил (инглизча