Рақамли қалъа. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
чақиртиканак эдики, ҳеч ундан қутулиб бўлмасди.
– Эски ҳаммом, эски тос, эътибор берманг, бақириб-чақириб ўзларига келиб қолишади, – Сьюзан таскин берди. – Хўш, қандай фавқулодда ҳолат юз берди ўзи?
Стратмор бармоқларини партага чертганича, гапни нимадан бошлашни билмагандек ўйланиб қолди. Узоқ жимликдан кейин Сьюзаннинг нигоҳига тикилди ва жиддий оҳангда сўради:
– Трансхабар бирор кодни ечиш учун сарфлаган энг узоқ муддат қанча эди?
Савол Сьюзанга ғалати туюлди, командорнинг нимага шаъма қилаётганини илғай олмади.
– Хўш… – қиз иккиланди. – Бир неча ой муқаддам Comint тутган кодни ечишга Трансхабар бир соат сарфлаганди. Лекин у ҳақиқатан ҳам жуда узун калит сўз эди – тахминан ўн минг бит атрофида.
Стратмор ғудранди:
– Бир соат, тушунарли…Яқинда биз таҳлил учун киритган кодларимизчи?
Сьюзан елка қисди:
– Албатта, агар синов тажрибаларни ҳам ҳисобга олсак, улар кўпроқ вақт олган.
– Қанчалик узоқ?
Сьюзан Стратмор гапни қаерга олиб бораётганини тушунмади:
– Жаноб, мен ўтган март ойида калит сўзи миллион битга тенг алгоритмни синаб кўрдим. Шунда ҳам Трансхабар уни еча олди.
– Қанча муддатда? – сабрсизланиб сўради Стратмор.
– Уч соатда.
Командорнинг қошлари чимирилди:
– Уч соат? Шунчалик узоқми?
Қизнинг қовоғи уйилди. Сьюзан сўнгги уч йилда вақтининг асосий қисмини Трансхабарнинг иш кўрсаткичларини ошириш йўлида меҳнат қилишга сарфлаганди. Машинанинг иш тезлигини янада кўтаришга хизмат қилган дастурларнинг аксарият қисми Сьюзан томонидан яратилганди. Миллион бит келадиган калит сўзни топиш учун уч соат сарфлашнинг ўзиёқ Трансхабарнинг тасаввур қилиб бўлмас даражадаги катта тезликда ишлашини кўрсатарди.
– Яхши, – деди Стратмор. – Демак, ҳатто энг узун кодни ҳам Трансхабар уч соатда ечиб бўлган, шундайми?
Сьюзан бош ирғиб тасдиқлади:
– Шундай, жаноб.
Командор худди ичидаги гапни айтишга қўрққандек ерга тикилиб, сукут сақлади. Орадан бироз вақт ўтгач, юқорига қаради:
– Трансхабар ниманингдир устида ишлаяпти… – ва гапини тўхтатди.
– Уч соатдан ҳам кўпроқми? – қиз анграйиб қолди.
Стратмор «Ҳа» ишорасини берди.
– Янги диагностик кодми? Ёки хавфсизлик бўлими бирор код юборганмиди?
Командор бош чайқади:
– Гап ташқаридан келган файл устида кетяпти, МХАга алоқаси йўқ бу коднинг.
– Ташқи файл? Ҳазиллашяпсизми, жаноб?
– Қанийди шундай бўлса… Мен ўтган кечаси, соат тахминан ўн бир яримда Трансхабарга файлни жойладим. Машина уни ҳалигача ечолгани йўқ.
Сьюзаннинг оғзи очилиб қолди. Бир соатига бир Стратморга қараб, нималар бўлаётганини таҳлил қилишга уринди.
– Ҳанузгача калит сўзни топмадими? Ўн беш соатдан ошибдику, командор! – ишонқирамай сўзлади Сьюзан.
Стратмор эгилиб, компьютерининг экранини айлантириб, қизга кўрсатди.