Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси. Стивен КовиЧитать онлайн книгу.
хизмат қиладиган ҳукумат парадигмаси ривожланиб, конституцион демократия дунёга келди. Бу алмашинув дебочасида инсонларнинг беҳисоб қуввати ва заковати уйғониб, озодлик ва ҳурлик, яшаш, умид ва имконият меъёри яратилди.
Тан олиш керак, парадигма алмашинувининг барчаси ҳам ижобий бўлмайди. Кузатганимиздек, феъл-атвор этикасидан шахс этикасига алмашув оқибатида биз бахт ва муваффақият дарахти озиқланувчи туб илдизлардан узоқлашиб кетдик.
Хоҳ ижобий ёки салбий натижага олиб келсин, хоҳ бир зумлик ёки давомли бўлсин, парадигма алмашинуви дунёни қандай идрок этишимизни ўзгартириб юборади. Ва бу ўзгаришлар қудратли бўлади. Бизнинг парадигмаларимиз, тўғри ёки нотўғрилигидан қатъи назар, муносабатимиз ва хулқ-атворимизнинг, демакки, бошқалар билан мулоқотимизнинг бош манбаидир.
Ўз бошимдан ўтган кичик парадигма алмашинуви ёдимда. Нью-Йорк метроси. Якшанба тонги эди. Вагон ичидаги одамлар хотиржам ўтирар, баъзилар газета ўқир, бошқалар ўйга толган, яна аллакимлар кўзларини юмганча дам оларди. Манзара жуда осойишта ва сокин эди.
Кутилмаганда вагонга бир эркак фарзандлари билан кириб келди. Болакайлар шунчалик шовқин солардики, вагондаги осудаликка бирдан путур етди.
Эркак ёнимга ўтирди ва ҳеч нарсага эътибор қилмай, кўзини юмди. Унинг фарзандлари вагон ичида тинмай қичқирар, тўполон қилар, нарсаларни у ёқдан-бу ёққа улоқтирар, ҳатто одамларнинг қўлидаги газетага ҳам тап тортмай тегинарди. Бу ҳолат анча тартибсизликни келтириб чиқарди. Лекин ёнимдаги эркак чурқ этмасди. Унинг бефарқлиги мени ҳайрон қолдирди. Вагондаги бошқа одамларнинг ҳам жаҳли чиқаётгани кўриниб турарди. Ниҳоят, сабрим косаси тўлиб, эркакка ўгирилдим ва дедим:
– Жаноб, болаларингиз кўпчиликка халал беряпти. Уларни назорат қилсангиз бўлмайдими?
Шунда эркак худди ҳозиргина ҳушига келган одамдек кўзини очди ва мулойим оҳангда сўз бошлади:
– Ҳа, сиз ҳақсиз. Нимадир чора кўришим керак. Гап шундаки, биз ҳозир касалхонадан қайтяпмиз. Бир соат олдин рафиқам вафот этди. Рости, ҳозир нима қилишни ҳам, нима ўйлашни ҳам билмайман. Болаларим ҳам онаси вафотини кўтара олмаяпти чоғи.
Эркакнинг сўзларини эшитиб нималарни ҳис қилганимни тасаввур қила оласизми? Менинг парадигмам алмашди. Кутилмаганда вазиятни бошқача кўра бошладим, ўзимни бошқача ҳис қилдим ва муносабатим ўзгарди. Мендаги жаҳл ғойиб бўлди. Энди мен муносабатим ёки хулқ-атворимни назорат қилиш тўғрисида умуман ўйламасдим; қалбим ёнимдаги одамнинг изтироби билан лиммо-лим тўлган эди. Раҳм-шафқат ва тасалли ҳислари ўз-ўзидан қуйилиб кела бошлади. Мен энди ҳамдардлик билдиришга тутиндим:
– Рафиқангиз оламдан ўтдими? Сабр тилайман. Нима бўлганини айтиб бероласизми? Сизга қандай ёрдам беришим мумкин?
Ўша лаҳзада атрофимдаги дунё зумда ўзгариб кетган эди. Кўпчилик одамлар ҳаётига хавф соладиган инқирозга дуч келса, худди шунга ўхшаш фундаментал ўзгаришни бошдан кечиради ва ўзидаги устунликни кўра бошлайди. Ёки