Ибтидо. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
нима қўйилганини асло унутма. Сен муқаддас урушдаги аскарсан. Сен буюк мақсаднинг бир бўлагисан.”
Авила ўз режасини қайта‐қайта хаёлидан ўтказди ва чўнтагидаги тасбеҳ доналарини олди. Айни шу дам гумбаз шифтидаги карнайлар титраб кетди. Худди Худо тилга киргандек, осмондан гулдираган овоз эшитилди.
– Хайрли кеч, дўстлар. Менинг исмим Эдмонд Кирш.
Ўн олтинчи боб
Будапешт. Раввин Кёвеш házikó – хосхонасида асабий у ёқдан-бу ёққа юрарди. У телевизор пультини чангаллаганча каналларни тез‐тез ўзгартираркан, хавотир ила епископ Вальдеспинодан хабар кутарди.
Телевизордаги кўп каналлар одатий дастурлар тартибини ўзгартириб, сўнгги ўн дақиқадан бери эътиборини Гуггенҳаймдаги намойишни жонли эфирда узатишга киришганди. Шарҳловчилар Киршнинг муваффақиятларини қизғин муҳокама қилиб, бугунги тадбирдаги сирли эълон ҳақида тахминлар билдиришмоқда эди. Одамлардаги чексиз қизиқишни кўриб Кёвешнинг қошлари чимирилди.
“Бу янгилик мен учун сир эмас.”
Уч кун муқаддам Эдмонд Кирш тақдимотининг хомаки нусхасини Монсеррат тоғида Кёвеш, Саид ал‐Фадл ҳамда Вальдеспино учун намойиш қилганди. Ҳозир бутун дунё ўша кунги дастурни кўриш арафасида турганига Кёвешнинг иймони комил эди.
“Бугун ҳамма нарса ўзгаради”, алам билан ўйлади Кёвеш.
Жиринглаган телефон унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Кёвеш гўшакка ёпишди.
– Иеҳуда, менда яна ёмон хабар бор, – епископ салом‐аликни йиғиштириб, ташвишли оҳангда гап бошлади ва титроқ овозда Бирлашган Араб Амирликларидан келган мудҳиш хабарни айтди.
Бўлган воқеани эшитиб, Кёвеш даҳшатга тушди:
– Нималар деяпсиз… Аллома ал‐Фадл… ўз жонига қасд қилди???
– Шундай деб тахмин қилишмоқда, ҳар ҳолда. У бироз вақт олдин саҳро ичкарисидан топилган… худди ўлиш учун у ерга ўз оёғи билан боргандек, – Вальдеспино бир зум тин олди. – Охирги кунларда содир бўлган ҳодисалар юкини кўтара олмагандир балки…
“Ал‐Фадл ростдан ўзини ўлдирдими?” Кёвеш унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриб, юраги сиқилди. Киршнинг кашфиёти қанчалик дахлдор бўлмасин, аллома ал‐Фадл ночорликдан ўз жонига қасд қилиши ғирт сафсата бўлиб туюлди.
– Бу ерда нимадир ёпишмаяпти, – фикрини билдирди Кёвеш. – Аллома бундай ишга қодирлигига ишонмайман.
Орага жимлик чўкди.
– Тўғри, – тилга кирди Вальдеспино, – у ўзини ўлдирганига шубҳам бор.
– Унда… Ким жавобгар унинг ўлимига?
– Эдмонд Киршнинг кашфиёти сирлигича қолишини истаган ҳар қандай одам, – жавоб берди епископ ўйлаб ўтирмай. – Биз каби Киршнинг тақдимоти бир неча ҳафтадан кейин, деб ишонган одам.
– Аммо Кирш кашфиёт ҳақида биздан бошқа ҳеч ким хабардор эмаслигини айтганди‐ку! – эътироз билдирди Кёвеш. – Сиз, аллома ал‐Фадл ва мен билардик, холос.
– Кирш алдаган бўлса‐чи, қаердан биласиз? Майли, Кирш янгилигини фақат учаламизга айтган ҳам дейлик. Дўстимиз ал‐Фадл бу тўғрида оммага ошкор