Ибтидо. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
тўғрилаганимизда ёки топишмоқнинг жавобини топганимизда ҳам худди шунақа роҳатланамиз. Тартибга мойиллигимиз ДНКмизга ўйиб ёзилган. Шундай экан, инсоният энг буюк ихтироси – компьютерни тартибсизликни тартибга солишда кўмаклашиш учун яратганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Испанчада компьютер бежиз орденадор деб аталмайди. Тўғридан‐тўғри таржима қилинганда орденадор – “тартибга солувчи” деган маънони англатади.
Экранда баҳайбат компьютер қаршисида ўтирган йигит сурати пайдо бўлди.
– Тасаввур қилинг, сиз бутун дунёдаги маълумотларга улана оладиган қудратли компьютерга эгасиз, унга истаган саволингизни беришингиз мумкин. Эҳтимоллар назариясига мувофиқ, охир‐оқибат сиз компьютердан ақлимизни таний бошлаганимиздан бери онгимизни эгаллаган иккита асосий саволни сўрайсиз.
Компьютер ёнидаги одам клавиатурани босди ва экранда ёзув ҳосил бўлди:
Биз қаердан пайдо бўлганмиз?
Бизни олдинда нима кутмоқда?
– Бошқача айтганда, сиз инсоният ибтидоси ҳамда тақдири тўғрисида, албатта, сўрайсиз. Ва бу саволларни берганингизда компьютернинг жавоби қуйидагича бўлади.
Мониторда янги ёзув кўринди:
– Жавоб етарлича ахборот бермаса ҳам, – деди Кирш, – муҳими, ҳақиқатни айтади.
Экранда инсон мияси намоён бўлди.
– Бироқ… Биз қаердан келганмиз, деган саволни монитордаги митти, жонли компьютердан сўрасангиз борми, бутунлай бошқа жавобга дуч келасиз.
Миядан ўнлаб диний тасвирлар оқими кўринди – Одам Атога жон бахш этаётган Худо; лойдан илк одамни ясаётган Прометей; танасининг турли қисмларидан одамларни яратаётган Брахма; булутларни ёриб, иккита одамни Ер юзига тушираётган Африка худоси, ёғочдан эркак ва аёлни бунёд этаётган Скандинав илоҳи…
– Ана энди, миямиздан сўрайлик: бизни олдинда нима кутмоқда?
Энди мия янада кўпроқ расмлар ишлаб чиқара бошлади. Улар орасида покиза жаннатлар, алангали дўзахлар, қадимги Мисрнинг Марҳумлар китобига битилган иероглифлар, юлдузлар туркумининг тошга ўйилган намуналари, юнонларнинг Елисей майдони, Каббалача “Гилгул Нешамот” тасвирлари, буддизм ва ҳиндуизмга тегишли реинкарнациянинг турли диаграммалари, теософларнинг “Абадий ёз мамлакати” ҳақидаги тасаввурлари бор эди.
– Инсон мияси, – Эдмонд изоҳлашга тушди, – бутунлай жавоб йўқлигидан кўра қандайдир жавоб борлигини маъқул кўради. Саволларимизга жавоб бериш учун маълумот етишмаслиги сабабли жавоб тополмаслик бизда чексиз ноқулайлик уйғотади. Натижада, етишмаган маълумотларни миямизнинг ўзи кашф қила бошлайди ва бизга ёлғондан бўлса ҳам, қандайдир тартибни яратиб беради. Мифология, диний эътиқодлару фалсафий қарашлар инсоният ибтидоси ва интиҳоси тўғрисидаги жумбоқларга жавоб бўлувчи тартиб иллюзияси тариқасида дунёга келади.
Бош узра диний тасвирлар пайдо бўлишда давом этаркан, Эдмонднинг товуши баландлаб борди:
– Биз қаердан