Буюк Гэтсби. Фрэнсис Скотт ФицджеральдЧитать онлайн книгу.
бармоғини бигиз қилиб мени кўрсатди. Ҳамма менга таъна билан қаради. Мен, унга ҳеч қандай алоқам йўқлигини кўрсатмоқчи бўлгандек, ўзимни бепарво тута бошладим.
– Мен унга турмушга чиққанимдан сўнг, ақлдан озаёздим. Лекин дарҳол хатомни англадим. У тўйда кийиш учун ўртоғининг костюмини сўраб олган экан, менга бу ҳақда лом-мим демаганди. Орадан бир неча кун ўтгач, у уйда йўқлигида ўртоғи келиб костюмини қайтаришни сўраб қолди. “Ие, бу сизнинг костюмингизми?” – дедим ҳайратдан ёқа ушлаб. “Тавба, биринчи бор эшитиб турибман”, дедим. Костюмни эгасига бериб юбордим, сўнг ўзимни тўшакка отиб, аламимдан ярим тунгача йиғлаб чиқдим.
– Ҳақиқатан ҳам у опамнинг тенги эмас, – деди Кэтрин қулоғимга шивирлаб. – Улар ўн бир йилдан буён устахона тепасидаги ҳужрада ит-мушук бўлиб яшаб келяптилар. Том билан танишгунга қадар унинг бирон-бир дўсти бўлмаган.
Оқшом давомида иккинчи виски шишасини бўшатишди; фақат Кэтрин ичмади, холос. Шусиз ҳам у яйраб ўтирарди. Том хизматкорни чақириб, кечки овқатга бирон-бир егулик олиб келишни буюрди. Мен дам-бадам кетишга чоғланардим; ғира-шира тушиб келаётган қоронғулик мени кетишга ундар, боққача яёв кетишни мўлжаллар эдим, аммо ҳар гал қизғин баҳсларга аралашиб, оромкурсига михлангандек ўтириб қолардим.
Балки шу онда қоронғу тушиб бораётган кўчадан тасодифан ўтиб кетаётган бирон кимса чироғи ёқилган деразаларга қараб, бу хонанинг ичида қандай инсоний сирлар яшириниб ётган экан, деб ўйлаётгандир. Кўз олдимда ана шу ўткинчининг мафтункор қараши-ю, ўйчан нигоҳи жонланарди. Мен хонада ўтирган бўлсам-да, бу тасодифларга тўла ҳаётдан чўчиган ва сеҳрланган ҳолда хаёлан кўча кезардим.
Миртл оромкурсисини ёнимга суриб ўтирди ва Том билан дастлабки учрашуви ҳақида ҳикоя қила кетди:
– Биз вагонга кираверишда ён томондаги ўриндиқда ўтириб кетаётган эдик. Мен Нью-Йоркдаги синглимникига тунаш учун йўл олгандим. Том эгнига фрак, оёғига локланган туфли кийиб олганди. Мен ундан кўзимни узолмасдим, нигоҳларимиз тўқнашганда мен ўзимни тепадаги рекламаларни томоша қилаётганга солардим. Вагондан тушаётганимизда у ёнимда пайдо бўлиб қолди. У кўпчилик орасида мени тасодифан сиқиб қўйди. Унга полиция чақираман, деб дағдаға қилдим. У ҳайрон бўлиб қолди. Мени машинасига ўтқазаётганида ўзимни йўқотиб қўйдим, бу таксими, метро вагоними, билолмай қолдим, “ахир дунёда бир марта, ҳа, бир марта яшайсан-ку”, деган ўй “йилт” этиб миямдан ўтди.
У Мак-Ки хонимга қараб қўйди, сўнг сохта кулиб қўйгач, МакКи хонимга юзланиб: – Жонгинам, – дея хитоб қилди Миртл.
– Эгнимдаги кўйлагимни сизга совға қиламан. Эртага ўзимга янги кўйлак сотиб оламан. Эртага қиладиган ишларимнинг режасини тузиб олишим керак. Жумладан: уқалатишга ўтишим зарур, сўнг сартарошхонага кираман, кейин кучукчамга бўйинбоғ, менга жуда ёқадиган пружинали кичик кулдон, сўнг онамнинг қабрига қўйиш учун ёз бўйи сўлмай турадиган гуллардан ясалган қора жиғали гулчамбар сотиб оламан. Булардан биронтасини унутиб қўймаслигим учун, албатта, уларни ёзиб қуйишим керак.
Соат тўққизлар чамаси эди. Жаноб Мак-Ки гўё суратга тушишга тайёрланиб