Менинг ҳаётим. Генри ФордЧитать онлайн книгу.
Мен ана ўша табиий тамойилни тўла қабул қилишдан ортиқ нарса таклиф қилмоқчи эмасман. Мен ҳаммамиз меҳнат қилишимиз керак, деган қоидани шундай қабул қиламан. Биз шу пайтгача эришган ютуқлар моҳиятида шундай қоида ётади: башарти ишлашимиз лозим экан, ақл билан, узоқни кўзлаб меҳнат қилишимиз керак, қанчалик яхши ишласак, шунча яхши яшаймиз. Мен таъкидлаётганлар оддий ҳаётий ҳақиқатлар, холос.
Мен ислоҳотчи эмасман. Ўйлашимча, дунёда шундоқ ҳам аксарият одамлар ниманидир қайта қуришга киришиб кетган ва биз ислоҳотчиларга керагидан ортиқ эътибор бермоқдамиз. Ислоҳотчиларнинг икки тоифаси бор. Иккаласи ҳам ёқимсиз тоифалардир. Ўзини ислоҳотчи атайдиган шахс аслида ҳаммасини вайрон қилишни истайди. У ёқасидаги тугмача ўз тешигига сиғмаётгани учунгина бутун кўйлакни бурда-бурда қилиб ташлаётган кимсага қиёс. Тугма ўтадиган тешикчани сал кенгайтириш фикри унинг хаёлига келмайди. Бу тоифа ислоҳотчилар ҳеч бир вазиятда қилаётган ишини ўйлаб кўришга қодир эмас. Тажриба ва ислоҳотлар муштарак олиб борилмайди. Бундай ислоҳотчиларни фактлар ушлаб қололмайди. Улар фактларни йўққа чиқаради.
1914 йилдан сўнг кўп одамлар учун мушоҳада юритишга сабаблар пайдо бўлди. Айримлар ҳатто илк бор фикрлай бошлади. Улар ниҳоят кўзларини очди ва улкан бир оламда яшаётганлигини фаҳмлади. Кейин ўз эркинликларидан ҳаяжонга тушиб, оламга танқидий кўз билан қарай олишларини англади. Одамлар шундай қилди ҳам ва нуқсонни топди. Бошида ижтимоий тизимни танқид қилиш эркинлигига эришганлар – ҳар бир инсон ижтимоий тизимни танқид қилиши мумкин – бу ҳуқуқдан сармаст бўлди ва ҳар қандай мастга ўхшаб, мувозанатни йўқотди. Танқидчи қанчалик ёш бўлса, шунчалик тез мувозанатни йўқотади. У эски тартибни шунчалик тез вайрон қилишга ва янги тартиб ўрнатишга киришади. Россияда улар буни амалга ошира олди. Россия мисолида янги дунё қурмоқчи бўлаётганларни ўрганиш қулай. Россия тажрибасидан вайронкор ҳаракатлар қилишга кўпчилик эмас, озчилик мойил бўлишини ўргандик. Яна шуни билдикки, одамлар табиий қонунларига зид бўлган ижтимоий қонунларни жорий қилиши мумкин ва табиат бу қонунларни подшоҳлардан ҳам шафқатсизроқ равишда йўқ қилади. Табиат Совет Республикасига қарши тақиқ қўйди – чунки советлар табиатни инкор қилди. Энг аввало, улар инсоннинг ўз меҳнати маҳсулига бўлган ҳуқуқини инкор эта бошлади. “Россия жиддий ишга киришиши керак” деган фикрни эшитиб қолиш мумкин, аммо гап бунда эмас. Факт шуки, қашшоқ Россия халқи меҳнат қиляпти, аммо бу меҳнат самарасиз кетмоқда. Чунки бу эркин меҳнат эмас, мажбурий меҳнатдир. Қўшма Штатларда ишчи бир кунда саккиз соат меҳнат қилади; Россияда ўн икки-ўн тўрт соат ишлайди. Қўшма Штатларда ишчи, агар истаса, бир кун ва ҳатто бир ҳафта дам олиши мумкин, агар у буни истаса, ҳеч ким унга қаршилик қи ла олмайди. Россияда, советларда, ишчи истаса-истамаса ишга боришга мажбур. Фуқаролик эрки ҳибсхонадагидай интизомга бўйсундирилди, бу ерда ҳаммага бирдек муносабат қилинади. Бу қулликдир. Эркинлик – муносиб иш соатини ишлаш ва муносиб яшаш ҳуқуқи;