Ой ва сариқ чақа. Уильям Сомерсет МоэмЧитать онлайн книгу.
мен жуда кўп нарсаларга қизиқар эдим, буларни у ё ёқтирмас, ё бепарво эди.
– Сиз бирга кетган… – қандай қилиб мулойимроқ сўрашни билолмаётгандим, – аёлнинг кимлигини била олдингизми?
– Йўқ. Буни ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаяпти. Бу жуда ғалати. Одатда, бундай пайтларда одамлар севишганларни ресторан ёхуд бирор ерда кўриб қолишади-да, хотинларига гапириб беришади. Бу тўғрида мени ҳеч ким огоҳлантиргани ҳам йўқ, мен ҳеч нарсадан шубҳаланганим ҳам йўқ. Унинг хати булутсиз осмондаги момақалдироқдай бўлди. Мен билан бахтиёрлигига заррача шубҳа қилмасдим.
Стрикленд хоним йиғлаб юборди, бечорага ич-ичимдан раҳмим келди. Лекин у шу ондаёқ ўзини қўлга олди.
– Мен умидсизликка берилмаслигим керак, – деди у кўзларини артиб. – Ҳозир қандай тадбир кўриш лозимлиги ҳақида бир қарорга келиш керак.
Аёл парокандалик билан гоҳ яқин ўтмиш, гоҳ биринчи учрашувларию тўйлари тўғрисида гапира бошлади. Кўз ўнгимда уларнинг биргаликда кечирган ҳаёт йўллари намоён бўла борди. Бу оила ҳақидаги илгариги фикрларим ҳақиқатдан унчалик узоқ эмаслигини ўйлаб қолдим. Стрикленд хоним Ҳиндистондаги бир амалдорнинг қизи бўлган экан. Отаси истеъфога чиққанидан кейин у ўша ерда, мамлакатнинг чекка бир гўшасида яшаб қолибди. Лекин ҳар йилнинг август ойида ҳаво алмаштириш учун ўз оиласини Истборнга олиб борар экан. Шу Истборнда у Стрикленд билан танишибди. У йигирма ёшда, йигит эса йигирма уч ёшда экан. Улар биргаликда теннис ўйнашибди, сайр қилишибди, ҳабашларнинг қўшиқларини тинглашибди. Қиз йигитга турмушга чиқишга қарор қилибди, йигит ҳам турмуш қуришни таклиф этибди. Улар аввалига Лондон чеккароғидаги Хампстедда, кейинроқ, Стрикленднинг моддий аҳволи яхшилангач, шаҳар марказида яшай бошлашибди, ўғил ва қиз фарзандлар кўришибди.
– Болаларини жудаям яхши кўрарди. Мен унинг жонига теккан тақдиримда ҳам болаларни кўзи қандоқ қийдийкин? Ишониш қийин бунга. Бу ишларнинг ҳақиқатдан бўлиб ўтганига ҳали ҳам ишонмайман, – таассуф билан сўзларди Эмми.
Охирида эри юборган хатни кўрсатди. Бу хатни анчадан бери ўқишни истаётгандим, лекин уни сўрашга ботина олмаётгандим.
Хатда қуйидагилар ёзилганди:
«Азизам Эмми! Умид қиламанки, сен уйдаги барча нарсалар жой-жойида эканлигига амин бўласан. Мен хизматчига сенинг буйруқларингни етказиб қўйдим. Сен ва болаларнинг келишингизга овқат тайёрлаб қўяди. Мен сизларни кутиб олмайман. Сизлардан алоҳида яшашга қарор қилдим, бугун Парижга жўнаб кетаман. Бу хатни йўлга жўнай туриб юбордим. Уйга қайтмайман. Қарорим қатъий ва ўзгармас.
Ҳамиша сеники бўлиб қоладиган Чарлз Стрикленд».
– У ҳеч нарсани тушунтирмаган ҳам, афсус ҳам чекмаган. Ахир бу ғалати эмасми?
– Жуда ғалати хат, – жавоб бердим мен.
– Буни фақат бир нарса билангина изоҳлаш мумкин – у ўзини йўқотиб қўйган. Мен уни ўзига ром қилиб олган аёлнинг кимлигини билмайман, аммо у эримни бутунлай бошқа одамга айлантириб юборган. Чамаси, бу анча эски саргузашт бўлса керак.
– Нега сиз шундай деб ўйлаяпсиз?
– Фред