ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк ТвенЧитать онлайн книгу.
сўрайман, марҳаматингизни дариғ тутманг, улуғ ҳукмдорим: мен айни ҳақиқатни айтяпман. Мен аҳли раиятингиз орасидаги энг тубаниман, ғирт қашшоқ бўлиб дунёга келганман. Фақат мусибатли, алдамчи тасодифгина мени бу даргоҳга бошлаб келди, ҳолбуки, ўзим ҳеч қандоқ номақбул қилмишни содир этганим йўқ. Ўлимимга ҳали эрта, ҳозирча жуда ёшман. Биргина сўзингиз мен учун нажот бўлади. О, ҳаётбахш каломингизни айтинг, ҳукмдорим!
– Ўлим? Бундай сўзни айта кўрма, азиз шаҳзодам, тинчлан. Саросимадаги юрагингга хотиржамлик қўнсин… сен ўлмайсан.
Том қувончли қичқириқ билан тиз чўкди:
– Илтифотингиз учун сизни тангри ярлақасин, ҳукмдорим, мамлакат фаровонлиги учун умрингизни узоқ қилсин!
Том ирғиб оёққа турди ва юзларида қувонч балқиб, ўзини кузатиб келган мулозимлардан бирига мурожаат этди:
– Эшитдингми? Менга ҳаёт бахш этилди! Буни қиролнинг ўзи айтди!
Атрофдагилар маъюс бир эҳтиром ила бошларини эгишди, лекин ҳеч ким жойидан жилмади ва бирор сўз айтмади. Том озгина ҳижолат тортиб, бир муддат шундоқ турди, кейин подшоҳ томонга ўгирилганича қўрқибгина сўради:
– Энди кетаверсам бўладими?
– Кетсанг? Албатта, агар шуни истасанг. Балки яна бирор муддат шу ерда қоларсан? Агар кетсанг, қаёққа бормоқчисан?
Том кўзларини ерга тикди ва тортинибгина деди:
– Балки мен хато мулоҳазага боргандирман, лекин ўзимни озод деб ўйлагандим ва камина қашшоқликда туғилиб-ўсган, ҳозирда опаларим, онам истиқомат қилаётган хужрага қайтсам дегандим; ўша хужра – менинг уйим; мана бу дабдаба ва ҳашаматларга эса мен ўрганмаганман… Мурувватингиздан бенасиб қилманг, подшоҳим, кетишимга ижозат беринг!
Қирол сукутга чўмди ва бир оз вақт жим қолди. Юрагида кучайиб келаётган изтироб ва ташвиш унинг юзида акс этарди. Лекин у тилга кирганида, овозида заифгина умид оҳанги сезилгандай бўлди:
– Балки унинг тафаккури фақат битта фикрда оқсаётгандир ва бошқа нарсаларда унинг шуури аввалгидай равшанлигини йўқотмагандир? Ё, парвардигор, ишқилиб шундай бўлиб чиқсин-да! Биз буни синаб кўрамиз!
У Томга лотин тилида савол берди, Том амал-тақал қилиб лотинча жавоб қилди. Қирол бундан мамнун эканини яшириб ўтирмади. Аъёнлар ва табиблар ҳам бу жавобдан қониқиш ҳосил қилишди.
– Ўзининг илми ва салоҳияти даражасида, – эътироф этди қирол, – ўғлон бундан яхшироқ жавоб қайтармоққа ҳам қодир эди. Аммо ҳозирги суҳбат шундан далолат берадики, унинг онги жиндайгина хиралашибди холос, аммо лекигин тўлиғича ақлдан озмабди. Бу ҳақда фикрингиз қандай, афандим?
Ушбу сўзлар ўзига қаратилган табиб чуқур таъзим қилди ва жавоб қилди:
– Тахминингиз тўғри, ҳукмдорим, каминанинг фикри ила ҳамоҳанг.
Соҳиби салтанат донишманд ҳакимнинг эътирофидан шодланиб кетди шекилли, буёғига қувноқ овозда давом этди:
– Жуда соз! Шаҳзодани ҳамма кузатиб турсин. Уни синовдан ўтказишни тўхтатмаймиз.
Сўнг Томга ўз саволини француз тилида