ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк ТвенЧитать онлайн книгу.
герцоги кўринди. У ортига ўгирилиб, патлар қадалган қалпоқчасини салгина кўтариб қўйди-да, тик қоматини эҳтиром аломати сифатида таъзим учун чуқур эгиб, ҳар бир зинапояда қайта-қайта таъзим бажо этган кўйи орқаси оломонга қараган ҳолатда пастга тушиб кела бошлади.
Унинг ортидан сурнайларнинг давомли садоларию, хитоблар янграй бошлади:
«Зоти олийлари қудратли лорд Эдуардга – Уэлс шаҳзодаси13га йўл берингизлар!»
Сарой деворларидан ҳам баландда оловнинг қип-қизил тиллари узун қатор бўлиб юқори ўрлади; худди момоқалдироқ гулдураги каби гумбурлаш эшитилди; дарёдаги улкан оломон оммаси шаҳзодани шарафлаб ҳайқириб юборди. Мана шу оммавий тантананинг сабабчиси ва қаҳрамони бўлмиш Том Кенти айвонда кўриниш бериб, бошини енгилгина шоҳона ирғаб қўйди.
Унинг эгнида «олмос кукуни сочилган қизил парчадан кўкрак камари тутилган ва оқ сувсар мўйнаси илинган ғаройиб оқ атлас нимча бор эди. Нимчасининг устидан эса мовий рангдаги атлас сирилган, ҳамма ерига инжу ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар қадаб безалган ҳамда олмос тўқа тақилган зарҳал йўлли оқ парчадан ёпинчиқ ташланган. Унинг бўйнида Боғич нишони ва кўплаб ажнабий нишонлар осилган» − ҳар сафар унга ёруғлик шуълалари тушганида қимматбаҳо тошлар кўзни қамаштирар даражада ярқираб кетади. О! Исқирт кулбада дунё юзини кўрган, Лондоннинг бадбўй ариқларидаги балчиқлар ичида ўсиб-улғайган, жулдурлик, қашшоқлик ва иркитлик намунаси бўлган Том Кенти ҳозир қандоқ бир тантанаворликни ифодалаб турибди-я!
Х БОБ
ШАҲЗОДАНИНГ КЎРГИЛИКЛАРИ
Жон Кенти қонуний шаҳзодани Сарқитлар Ҳовлисига судраб кетаётган, бадфеъл қорахалқ эса янги эрмак топилганидан қувониб, уларни таъқиб этиб бораётган пайтда бу воқеотни тарк этган эдик. Энди унинг давомини баён қиламиз. Бандини ҳимоя қилишга уринган фақат биргина одам топилди-ю, лекин бу кишининг гап-сўзларига биров парво қилгани ҳам йўқ. Қулоқни қоматга келтирадиган бунақанги тўс-тўполоннинг шовқинида уни ким ҳам эшитарди дейсиз. Шаҳзода ўз зулмкорининг шафқатсизлигидан қаҳрланиб, унинг чангалидан қутулишга беҳуда уриниш билан овора. Жон Кентининг ниҳоят сўнгги томчи сабри ҳам тугаб битди ва ғазаб билан шаҳзодага сўйил ўқталди. Боланинг ягона ҳимоячиси зарбанинг олдини олиш учун югуриб келди ва сўйилнинг зарби унинг қўлига тушди.
− Сен нега аралашяпсан? – бўкирди Жон Кенти. – Мана буниси энди сенга!
Зарба чақирилмаган ҳимоячининг калласига тушди – у оғир ингранди ва жонсиз тана ерга, томоша учун югуриб келган оломоннинг оёғи остига қулади. Орадан ҳеч қанча ҳам вақт ўтмай, мақтулнинг жасади қоронғида чўзилган кўйи ёлғиз қолаверди, оломон эса олдинга қараб югургилаб кетди – ҳозиргина содир бўлган машъум воқеа унинг хурсандчилилига халал бергани йўқ.
Шаҳзода тез орада Жон Кентининг кулбасида ўзига келди. Ташқи эшик барча бегоналардан паналаниш учун қулфлаб қўйилибди. Шиша идишга ўрнатилган ёғли шаъмнинг