Чол ва денгиз. Эрнест Миллер ХемингуэйЧитать онлайн книгу.
оғриғи уришқоқ хўроз пихи билан товонга тепганчалик бўлса? Мен эҳтимол, на бу каби тепкига ва на бир ёки ҳар икки кўздан айрилишга тоби тоқат қилган ва на уришқоқ хўрозлар сингари жангни давом эттира олган бўлардим. Кишини бениҳоя ҳайратга соладиган ажойиб қушлар ва ҳайвонлар олдида одам боласи – нима деган гап ўзи. Мен ҳозир шу тобда, ҳув ўша денгиз тубида сузаётган махлуқ бўлиб қолишни истар эдим».
– Ҳа, фақат акулалар босқин ясамасагина, бу яхши, – деди у овоз чиқариб. – Акулалар ҳужум қилиб қолса-чи, унда менга ҳам, унга ҳам ўзинг раҳм қил, Худо!
«Наҳотки, буюк Ди Маджио балиқни ҳозир сен ушлаб турганчалик матонат билан ушлаб тура оларди, деб ўйлайсан? – деб сўради у ўзидан. – Ҳа, аминманки, у ҳам худди шундай қилган бўларди ва эҳтимол, менга қараганда навқирон ҳам забардаст бўлганлиги учун, яхшироқ қилиши ҳам мумкин эди. Устига устак отаси балиқчи ўтган… Суяк қадоғи жуда кўп азоб берармикин унга?»
– Қайдам, – деди у ўзига-ўзи. – Мен умрим бино бўлиб суяк қадоғининг нималигини билмайман.
Қуёш ботгандан кейин чол ўзига далда бериш учун бир маҳаллари Касабланка тавернасида бутун портда энг кучли одам ҳисобланган сьенфуэгослик барзанги негр билан куч синашганлигини эслай бошлади. Улар стол устига бўр билан чизилган чизиққа тирсакларини тираганларича, билакларини эгмай, панжаларини чамбарчас сиққан ҳолда бир сутка қимир этмай, ўтириб чиққан эдилар. Ҳар иккови ҳам бир-бирларининг қўлларини столга ётқизишга уринар эди. Атрофдаги одамлар гаров ўйнашар, керосин лампа ғира-шира ёритган хонага кириб чиқишар, у бўлса негрнинг қўли, тирсаги, башарасидан кўз узмас эди. Саккиз соат ўтгандан кейин, судьялар ухлаб олиш мақсадида, ҳар тўрт соатда алмашадиган бўлди. Ҳар икки рақибнинг ҳам тирноғи остидан қон силжий бошлади, ўзлари бўлса, ҳамон бир-бировларининг кўзлари, қўллари ва тирсакларидан кўз олмас эдилар. Баҳс бойлашганлар хонага киришар, чиқишарди; улар девор ёқалаб қўйилган баланд стулларга ўтириб олиб, мусобақанинг нима натижа билан тамом бўлишини кутишарди. Ёғоч деворлар тўқ зангори бўёқ билан бўялган, лампалардан уларга соялар ташланарди. Негрнинг сояси жуда ҳам баҳайбат бўлиб, шамол лампаларни тебратган пайтларда деворда лопиллар эди.
Бутун кеча давомида гоҳ унинг, гоҳ бунинг қўли баланд келиб турди, негрга ром қуйиб тутишар ва сигареталарини тутатиб беришарди. Ромни ичиб олгандан сўнг негр шундай ҳам зўр берардики, ҳатто бир сафар чолнинг қўлини (чол у пайтларда чол эмасди, уни Сантьяго EL Campeon7 деб аташар эди) деярли уч дюймга букиб ҳам қўйди. Аммо чол билагини қайта тўғрилаб олди. Шундан кейин у ўзи яхшигина йигит ва обрўли полвонлардан бўлган бу негрни енгишига шубҳа қилмади. Ниҳоят, тонгда одамлар судьядан дуранг талаб қила бошлаган, судья эса нима қиларини билмай, фақат елка қисганда, чол бутун кучини бир ерга тўплади ва то негрнинг қўли столга қапишмагунча букиб тушаверди.
Олишув дам олиш куни эрталаб бошланиб, душанба куни саҳарда тамом бўлди. Баҳс бойлашганлардан кўпчилиги дуранг бўлсин, деб талаб қила бошладилар, чунки уларнинг
7
Чемпион (исп.).