Алвидо, қурол. Эрнест Миллер ХемингуэйЧитать онлайн книгу.
кўтармаси бизни милтиқ ва пулемётларнинг ўқидан сақлаб турарди. Дарёнинг у бетидан бу томонга фақат битта бузилай деб қолган кўприк бор эди. Тўплар отишмаси бошлангач, яна битта кўприк солинади, қўшиннинг бир қисми эса дарё қайрилишидаги кечувдан ўтади. Бош врач бўйи пастаккина, шоп мўйлов киши эди. У майор унвонида бўлиб, Ливия урушида қатнашган, икки марта яраланган эди. У, агар ҳаммаси кўнгилдагидек ўтса, мени мукофотга тавсия этажагини айтди. Мен, ҳаммаси жойида бўлади, дедим ва унга меҳрибончилиги учун раҳмат айтдим. Мен шофёрларни жойлаштирадиган каттароқ блиндаж борй ўқлигини сўрадим, у бир солдатни чақириб, менга жой кўрсатишни тайинлади. Солдат билан сал юрмасимиздан шинамгина блиндаж устидан чиқдик. Шофёрлар ундан мамнун бўлишди, уларни шу ерда қолдирдим. Бош врач мени ва яна икки офицерни ичкиликка таклиф қилди. Биз ром ичдик ва мен ўзимни дўстлар ўртасида ўтиргандай сездим. Қош қорая бошлади. Мен, ҳужум қачон бошланади, деб сўрадим, бутунлай қоронғи тушганда, деб жавоб беришди. Мен шофёрлар олдига қайтдим. Улар блиндажда гаплашиб ўтиришарди, мен киришим биланоқ жим бўлиб қолишди. Мен уларга бир қутидан «Македония» сигаретаси бердим, бу сигарета бўш жойланган бўлиб, чекишдан олдин учини бураб қўйиш керак эди. Маньера зажигалкасини ёқиб, ҳаммага чекиб олгани тутди. Зажигалкаси «фиат»нинг радиаторига ўхшатиб ишланган экан. Мен уларга бор билган гапларимни айтиб бердим.
– Бу ёққа келаётганимизда йўлда пост йўқ эдику? – деди Пассини.
– Биз бурилган жойнинг орқасида қолиб кетган эди.
– Бу йўлда тоза онамизни кўрамиз ҳали, – деди Маньера.
– Австрислар кунимизни кўрсатишади, фалонига фалон уларни.
– Бўлмаса-чи.
– Овқат-повқат ҳам бўладими, лейтенант? Бошланиб қолса, бош қашигани вақт бўлмайди.
– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен.
– Шу ерда ўтирайликми ё ташқарига чиқиш ҳам мумкинми?
– Ўтира турганларингиз маъқул.
Мен бош врач олдига бордим, у сайёр ошхона ҳозир етиб келажагини, шофёрлар овқатни олиб кетишлари мумкинлигини айтди. Идишлари бўлмаса, идиш бераман, деди. Мен идишлари бўлса керак, дедим. Мен изимга қайтиб, шофёрларга овқат келтиришлари билан хабар беришимни айтдим. Маньера, отишма бошланмасдан бурун олиб келишса соз бўларди, деди. Мен кетгунимча улар миқ этишмади. Уларнинг тўртовлари ҳам механик бўлиб, урушни кўрарга кўзлари йўқ эди.
Мен атрофда нималар бўлаётганини кўргани бордим, сўнг блиндажга, шофёрлар олдига қайтдим. Ҳаммамиз ерга ўтириб, деворга суянганча сигарет тутатдик. Ғира-шира қоронғи тушди. Блиндажнинг саҳни қуруқ ва илиқ эди, мен деворга суяниб, ҳордиқ чиқардим.
– Жангга ким боради?
– Берсальерлар.
– Берсальерларнинг ўзими?
– Шундайга ўхшайди.
– Росмана жанг қилиш учун бу ердаги одамлар камлик қилади.
– Чамаси бу шунчаки йўлига бир жанг бўлади, чинакам уруш бошқа ерда бўлади.
– Ҳужумга борадиган