Алвидо, қурол. Эрнест Миллер ХемингуэйЧитать онлайн книгу.
кўриниш беришим керак. Нима, иш йўқми дейман?
– Сиз кетгандан бери бошимиз совуқ урганлардан, сариққа чалинганлардан, сўзак бўлганлар, атай ўзини майиб қилганлар, ўпкаси шамоллаганлар, ҳар турли чакмазакка йўлиққанлардан чиқмай қолди. Унда-мунда битта-яримтани қоядан тош учиб йиқитмаса. Бир нечта росмана ярадорлар бор. Келаси ҳафтадан яна уруш бошланади. Яъни, демоқчиманки, бошланиб қолса ажабмас. Шунақа миш-мишлар бор. Нима дейсиз, мисс Барклига уйланаверсаммикин, албатта, уруш тугагач?
– Шубҳа бўлиши мумкинмас, – дедим мен тосга сув тўлдирарканман.
– Кечқурун менга оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб берасиз, – деди Ринальди. – Ҳозир мен мисс Барклининг ҳузурига чарақлаб чиройли бўлиб бориш учун ухлаб олишим керак.
Мен френч ва кўйлагимни ечиб, тосдаги муздек сувга ювиндим. Сочиқ билан артинарканман, атрофга разм солиб чиқдим, деразага, ўринда кўзларини юмиб ётган Ринальдига қарадим. У Амалфида туғилган, мен билан тенгдош, келишган йигит эди. Жарроҳ эди, касбига меҳр қўйганди, икковимиз қалин дўст тутингандик. Менинг қараб турганимни сезиб, у кўзини очди.
– Пулингиз борми?
– Бор.
– Менга эллик лир бериб туринг.
Мен қўлимни артиб, деворда илиғлик турган френчимнинг ён чўнтагидан ҳамённи чиқардим. Ринальди пулни олиб, буклади-да, ўрнидан қўзғалмай шимининг чўнтагига солди. У кулимсираб қўйди.
– Мисс Баркли мени давлатманд одам экан деб ўйлашини хоҳлайман. Сиз менинг меҳрибон, садоқатли дўстим, молиявий ҳомийимсиз.
– Олиб қочдингиз-ку, – дедим мен.
Кечқурун офицерлар ошхонасида мен кашиш билан ёнма-ён ўтирдим, у кутилмаганда, Абруццага бормаганим учун, мендан қаттиқ хафа бўлиб қолди. У мен тўғримда отасига ёзиб юборган, боришимга ҳозирлик кўриб қўйишган экан. Ўзим ҳам бормаганимдан қаттиқ пушаймон эдим, нега бормаганим ўзимга ҳам қоронғи эди. Мен боришга қатъий аҳд қилганим, лекин бир нарса кетидан бошқаси чиқиб, ўралашиб қолганимни тушунтиришга уриндим, у ҳам охирида менинг чиндан ҳам бораман, деб отланганимга ишонгандай бўлиб, кўнгли бирмунча таскин топди. Мен жуда кўп вино ичдим, ундан кейин қаҳва ичдим, кайфим тарақ, одам қандай қилиб ўзи кўнглига тугиб қўйган ишни кўнгилдагидай қила олмай қолишини гапирдим; ҳақиқатан ҳеч омадинг келмайди.
Бошқалар ғовур-ғувур қилиб, талашиб-тортишиш билан овора экан, биз у билан ундан-бундан сўзлашиб ўтирдик. Мен Абруццага бормоқчи эдим. Лекин мен йўллари худди темирдай қаттиқ, қатқалоқ, совуғи қуруқ ва аччиқ, қори қуруқ ва майда, қуёнлар қорда из қолдириб кетадиган, деҳқонлари қалпоқларини қўлга олиб, сизни «дон» деб атайдиган, ов бароридан келадиган ерларга боролмадим. Шундоқ жойларга бормадиму, тутунга тўлган қаҳвахоналар, тунлари уй ичи кўз ўнгингда чир айланадиган, айланишини тўхтатиш учун кўзни деворга қадаб туриш керак бўладиган ерларга бордим; бундай учиб қолинган кечаларда, дунёда шундан бошқа ҳеч нарса йўқ деб биласан, уйғонишинг ҳам жуда ғалати бўлади, ёнингда ким борлигини ҳам билмайсан ва ғира-шира қоронғида дунё кўзингга рўё бўлиб кўринади, рўё ичра ўткир ҳаяжонлари бордай туюладики, шу кечанинг ўзидаёқ ўйлабнетиб ўтирмай барини