Ахлоқи кабир. АристотельЧитать онлайн книгу.
эса кишига завқ беради.
Энг кучли таъсир этадигани охирги (юқорида айтиб ўтилган) ҳолатдир; мен бу ўринда, масалан, «Кресфонт»даги Меропа ўз ўғлини ўлдиришга қасд қилиши, ўлдирмаслиги ва таниб қолиши, «Ифигения»да сингил акани, «Гелла»да онасига хоинлик қилмоқчи бўлган ўғилнинг онасини таниб қолишини назарда тутаман44. Шунинг учун ҳам, таъкидланганидек, трагедиялар баъзи уруғлар хусусидагина ёзилади, холос. Албатта, шоирлар ўз ривоятларини шундай усулда ишлашни санъат йўли билан эмас, балки тасодифан кашф этадилар. Шунинг учун улар фақат шу йўсиндаги бахтсизлик рўй берган оилаларга мурожаат қилишлари керак бўлиб қолади. Шундай қилиб, ҳодисалар оқими ва ривоятлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида етарли сўзланди.
XV
Характерларга келсак, улардан тўрт мақсад кўзда тутилади45. Биринчи ва асосийси: қаҳрамон олижаноб бўлиши керак. Аввал айтганимиздай, шахс агар ўзининг гаплари ва ишларида қандайдир мақсадга амал қилса, характерга эга бўлади. Агар шахс яхши мақсадларни кўзласа, характери ҳам яхши бўлади. Бу ҳар бир одамда мавжуд бўлиши мумкин: аёл ҳам, ҳатто қул ҳам яхши бўлиши эҳтимол, биринчиси (эркакдан) ёмонроқ, қул эса ундан ҳам ёмонроқ бўлиши ҳам мумкин46. Иккинчидан, характерлар ўзига хос бўлиши керак: характер мардона бўлиши мумкин, аммо аёл кишига мардлик билан кучлилик ярашмайди. Учинчидан, характерлар (ҳаётий) ҳаққоний бўлиши керак: бу юқорида айтилгандан мутлақ бошқача бўлиб, уларни яхши ёки ярашиқли қилиб тасвирлаш керак деган гап эмас. Тўртинчидан, характерлар изчил бўлиши керак: ҳатто тасвирланган шахс ноизчил бўлиши, шу характернинг барча ишларига ноизчиллик хос бўлиши мумкин. Аммо характернинг мана шу ноизчиллиги ҳам изчил бўлиши зарур47. Зарурат туфайли эмас, балки ўзича тубан бўлган кишининг характерига «Орест»даги Менелайни, номуносиб ва ярашмаган қилиқли характерга «Сцилла»даги Одиссейнинг йиғисини ва Меланиппанинг нутқини, ноизчил характерга «Ифигения Авлидада» асаридаги Ифигенияни мисол қилиб келтирса бўлади48. Чунки илтижо қилаётган Ифигенияга шундан кейинги эпизоддаги Ифигения мутлақ ўхшамайди.
Характерларда ҳам, воқеалар таркибида ҳам доимо зарур ёки эҳтимолликни излаш керак, яъни кимдир қайсидир гапни ё ишни зарурият туфайли, ёки эҳтимол тутилганидай гапирсин, ё бажарсин ҳамда қандайдир воқеа бошқа воқеа туфайли зарурият тақозоси билан ёхуд эҳтимол тутилганидай содир бўлсин. Бинобарин, табиийки, ривоят ечими ҳам асар воқеаларининг ўзидан келиб чиқиши керак. «Медея» ва баъзи асарлардагидай ёхуд «Илиада» асаридаги қирғоқдан сузиб кетиш каби асар ечими техника ёрдамида ҳал қилинмасин49.
Фақат драмадан ташқарида содир бўладиган воқеаларда, аввал юз берган воқеаларни ёки одамзот билиши лозим бўлмаган воқеаларни, ёхуд кейинроқ юз берадиган ва (худолар томонидан) башорат қилинишига, ваҳий келтирилишига боғлиқ
44
Эврипиднинг (?) «Кресфонт»ида бегона юртларда ўсган ўғил отасининг ўчини олиш мақсадида келади ва уни танимаган онаси қўлида ўлишига сал қолади. «Гелла» трагедиясининг муаллифи ва сюжети маълум эмас.
45
«Тўрт мақсад» – умуман трагик қаҳрамонга, қандайдир турдаги трагик қаҳрамонга, шу асардаги трагик қаҳрамонга ва ўз-ўзига муносиблик.
46
Анъанавий афсонавий образга ўхшаш.
47
Ноизчил – масалан, Ахиллнинг кайфиятидаги ўзгаришлар.
48
«Орест» – Эврипид драмаси. «Сцилла» – Тимофей дифирамби (унда Одиссей дўстларини Сцилла еб қўйгани учун қайғуради). «Меланиппа» – Эврипиднинг шу номдаги трагедияси. (Унда Меланиппа аёлларга хос бўлмаган нутқ сўзлайди.)
49
Эврипиднинг «Медея»сида қаҳрамон аёлни воқеадан олиб кетиш учун театр машинасидан фойдаланилади.