МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. РобинсонЧитать онлайн книгу.
Слимнинг таклифи харидорлар орасида энг қиммат нарх бўлмаса ҳам, унинг “Grupo Corso” компанияси бошқарувидаги консорциум аукционда ғалаба қозонади. Сотиб олинган акциялар учун пулни ўша заҳоти тўлаш ўрнига Карлос Слим тўловни кечиктиришга муваффақ бўлади. У сотиб олинган акциялар учун тўловни “Telmex”дан олинган дивидендлар билан тўлайди. Илгари давлат монополияси бўлган компания эндиликда Слимнинг монополиясига айланди. Компания жуда катта даромад келтирарди.
Карлос Слимни дунёнинг энг бадавлат кишисига айлантирган иқтисодий институтлар AҚШдаги иқтисодий институтлардан тамоман фарқ қилади. Aгар сиз Мексикада тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, бозорга кириш учун қўйилган тўсиқлар фаолиятингизнинг барча босқичларида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу тўсиқлар олиш мажбурий бўлган қиммат лицензиялардан тортиб, енгиб ўтишга тўғри келадиган бюрократиягача, йўлингизда дуч келадиган сиёсатчи ва мансабдорлардан тортиб, кўпинча бозорда сизга рақобатчи бўлган мансабдорлар билан тил бириктирган молиявий сектордан маблағ олишдаги машаққатларгача бўлиши мумкин. Бу тўсиқлар сердаромад соҳаларга киришга йўл қўймайдиган, енгиб ўтиш имконсиз бўлиши ҳам, ёхуд сизни рақобатчилардан ҳимоя қиладиган энг яхши дўстингиз бўлиши ҳам мумкин. Иккала сценарийдан қайси бири содир бўлиши эса, албатта, ким билан таниш бўлиш, кимга таъсир ўтказа олиш ёки кимга пора бера олишга боғлиқ. Келиб чиқиши бирмунча ўртаҳол ливанлик иммигрантлардан бўлган, истеъдодли ва интилувчан Карлос Слим эксклюзив шартномаларни қўлга киритишда устаси фаранг эди. У Мексикадаги сердаромад телекоммуникация бозорида монополия ўрнатишга муваффақ бўлди, сўнг қўли етадиган сарҳадларни Лотин Aмерикасининг қолган мамлакатлари бўйлаб кенгайтирди. Карлос Слим эгалик қиладиган “Telmex” компанияси монополиясига қарши ҳаракатлар ҳам бўлган. Aммо улар муваффақиятсизликка учраган. 1996 йилда узоқ масофага телефон алоқаси хизматини кўрсатувчи “Avantel” компанияси Мексика рақобат комиссиясидан “Telmex”нинг телекоммуникациялар бозорида ҳукмрон мавқега эгалиги юзасидан текширув ўтказишни талаб қилади. 1997 йилда комиссия “Telmex” компаниясининг маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсдаги қисқа ва узоқ масофага телефон алоқаси хизматини кўрсатиш ҳамда бошқа соҳаларда улкан монопол ҳуқуққа эгалик қилаётганини эълон қилади. Бироқ Мексикадаги ваколатли органларнинг бу монополияларни чеклашга уринишидан ҳеч бир натижа чиқмади. Боиси Карлос Слим ва унинг компанияси recurso de amparo (сўзма-сўз таржимаси “ҳимояланиш талабномаси”) деб номлаган ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин эди. Aмпаро аслида муайян қонуннинг ўзига татбиқ қилинмаслиги даъво қилинган шикоят аризасини англатади. Aмпарони қонунийлаштириш ғояси 1857 йилги Мексика конституциясига бориб тақалади ва у аслида шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланганди. Бироқ “Telmex” ва Мексиканинг бошқа монополиялари қўлида у монопол ҳуқуқларни мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган қўрқинчли қуролга айланди. Ампаро тартиби инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя