МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. РобинсонЧитать онлайн книгу.
қўлида тўплайди. Бу эса мазкур жараёнда сиёсий жиҳатдан мағлуб бўлган бошқа жамоалар, гуруҳлар ва шахсларнинг ғазабини келтириши турган гап. Марказлашган сиёсий ҳокимиятнинг йўқлиги фақат қонунлар ва тартиблар йўқ бўлишини англатиб қолмасдан, балки ўша ерда қар шилик қилиш ва халал беришга етарлича қодир бўлган жуда кўп кучлар борлигини, мухолифлардан қўрқиш ва шафқатсиз қаршилик кўпинча марказлаштириш фикридан қайтаришини ҳам билдиради. Сиёсий марказлашиш бирор гуруҳ давлат қуриш учун бошқалардан кўра қудратлироқ бўлгандагина юз бериши мумкин. Сомалида эса ҳокимият гуруҳлар ўртасида тенг тақсимланган эди ва ҳеч бир гуруҳ бошқасини ўзига бўйсундира олмайди. Шу сабабли ҳам ҳокимият марказлашуви рўй бермай келмоқда.
КОНГОНИНГ КЎП ЙИЛЛИК ИЗТИРОБИ
Экстрактив институтлар шароитида иқтисодий ўсиш нега жуда ноёб ҳодиса эканлиги мантиғи ёки экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтлар ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб берадиган мисоллар орасида Конгодан кўра яққол ва аламлисини топиш қийин. ХV–ХVI асрларда Конгога борган португалиялик ва ҳолландиялик сайёҳлар у ердаги “аянчли қашшоқлик” ҳақида ёзиб қолдиришган. Конгода мавжуд технологиялар Европа стандартлари билан солиштирганда жуда ибтидоий эди: улар ёзув, ғилдирак ва омоч нималигини билмасди. Қашшоқликнинг сабаби ва конголик деҳқонларнинг европаликлардан ўрганган яхшироқ технологиялардан фойдаланишга иштиёқсизлиги ёзма манбалар орқали бизга маълум. Ҳаммасига мамалакатнинг экстрактив иқтисодий институтлари сабабчи эди.
Aввал айтиб ўтилганидек, Конго қироллигида қароргоҳи кейинчалик Сан-Сальвадор номини олган пойтахт – Мбанзадаги қирол ҳукмронлик қиларди. Олисдаги ҳудудларни зодагонлар бошқарар, улар қиролликнинг турли музофотларида губернатор вазифасини бажарарди. Улар Сан-Сальвадор атрофидаги ҳудудларда қуллар меҳнатига асосланган плантациялар ва мамлакатнинг қолган ҳудудларидан олинадиган солиқлардан даромад оларди. Қулдорлик тузуми иқтисоднинг асоси эди:
элита аъзолари ўз ерларида экинлар етиштиришда, европаликлар эса ўзлари ўрнашган соҳилда қуллар меҳнатидан фойдаланарди. Солиқлар ҳам ўзбошимчалик билан солинарди: ҳаттоки ҳар сафар қиролнинг бош кийими тушиб кетганида йиғиладиган солиқ ҳам бор эди. Aҳволни яхшилаш учун Конго халқи пул жамғаришлари ва уни омоч сотиб олишга сарфлашлари лозим эди. Aммо бундан наф йўқ, боиси аҳоли яхшироқ технологиялар ёрдамида қўлга киритган ҳар қандай қўшимча даромадни қирол ва унинг атрофидагилар тортиб олиши муқаррар эди. Меҳнат унумдорлигини оширадиган технологияларни харид қилиш ва ўз маҳсулотларини бозорларда сотиш ўрнига, конголиклар ўз қишлоқларини бозорлардан узоқроққа кўчирарди. Улар талончиликдан сақланиш ва қул савдоси билан шуғулланадиганлардан ҳимояланиш учун йўллардан иложи борича узоқроқда бўлишга интиларди.
Шу туфайли Конгодаги қашшоқлик тараққиёт йўлига тўсиқ бўлган ва тараққиётнинг барча воситалари