АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар. Джеймс КлирЧитать онлайн книгу.
Ижобий овозлар кўпайиб, далиллар бир-бирига уланади. Натижада ўзингиз ҳақингиздаги тасаввур ҳам ўзгара бошлайди.
Aлбатта, бунинг акси ҳам кузатилиши мумкин, ҳар сафар бирон-бир ёмон ишга қўл урганингизда ўзлигингиз ҳам ўша томонга битта овоз беради. Бахтингизга мукаммал бўлиш шарт эмас. Ҳар қандай сайловда иккала ном зодга ҳам овоз берилади. Ғолиб бўлиш учун эса бир овоздан сайланиш шарт эмас. Кўпроқ овозга эга бўлиш кифоя. Баъзан ёмон ёки самарасиз одатларга ҳам изн берсангиз бўлади. Фақат улар кўпайиб кетмаслигини назорат қилиб турсангиз бас.
Янги шахсият шаклланиши учун янги далиллар зарур. Aгар аввал қилиб юрган ишларингизни қилишда давом этадиган бўлсангиз, эски натижаларни олаверасиз. Ҳеч нарсага ўзгартириш киритмасангиз, ҳеч нарса ўзгармайди ҳам.
Юқоридагиларга асосланиб содда, икки босқичли жараённи тасаввур қилиш мумкин:
– Қандай турдаги одам бўлишни исташингизни аниқлаб оласиз;
– Шундай одам эканингизни ўзингизга кичик ютуқлар билан исботлаб борасиз.
Дастлаб ким бўлишни белгилаб олинг. Бу ҳар қандай даражага: якка шахс, кичик жамоа, жамият ёки миллат даражасига ҳам тегишли. Ким сифатида гавдаланишни хоҳлайсиз? Тамойилларингиз ва қадриятларингиз нималардан иборат? Ким бўлишни истайсиз?
Булар қийин саволлар. Кўпчилик ишни нимадан бошлашни билмайди, аммо қандай натижа хоҳлаётганини билади. Мисол учун, чиройли пресс чиқариш, камроқ асабийлашиш ёки маошини икки баробар ошириш. Шу ҳам етарли. Ишни шу ердан бошлаб, тескарисига кўриб чиқамиз ва бу натижага эришиш учун қандай тоифадаги инсон бўлишингизни келтириб чиқарамиз. Мен истаган натижаларга қандай одамлар эришади, деган саволни олдингизга ташласак бас. Қандай инсон ортиқча 20 килограмм вазндан қутула олади? Янги тилни ўрганадиган одам қандай бўлади? Янги стартапни ким муваффақиятга элта олади?
Мисол учун, “Ким китоб ёза олади?” деган саволга қатъий ва ишончли одам деб жавоб бериш мумкин. Энди эътиборни китоб ёзишдан (натижага йўналган) қатъий ва бошқалар ишонадиган инсон бўлишга (шахсиятга йўналган) қаратамиз.
Бу жараён қуйидаги каби қарашларга олиб келади:
• Мен талабаларига қўлидан келганча ёрдам берадиган ўқитувчиман;
• Мен ҳар бир беморга етарлича вақт ажратиб, уларга ғамхўрлик қиладиган шифокорман;
• Мен ўз ходимларини ҳимоя қиладиган менежерман.
Қандай одам бўлишингизни аниқлаб олганингиздан кейин ушбу янги шахсиятни кучайтириш учун кичик қадамлар ташлашингиз керак бўлади. Бир яқин дўстим ўзига “Соғлом ҳаёт тарзига амал қиладиган одам нима қилган бўлар эди?” деган саволни бериб 50 килограмм ортиқча вазндан халос бўлишга эришган. Кун давомида у қарор қабул қилаётганда шу саволни ўзига берган. Соғлом турмуш тарзига амал қиладиган одам пиёда юрармиди ёки таксига чиқармиди, бургер буюртма қилармиди ёки салат? У ўзини узоқ вақт давомида соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган одамдек тутса, ўзи ҳам шундай бўлиб қолишини тушуниб етган. У ҳақ бўлиб чиқди.
Шахсиятга