Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари. Кэл НьюпортЧитать онлайн книгу.
зи борасида турли-туман манбаларни келтирган. Унинг айтишича, Юнг тонг соат еттида уйқудан турар, бақувват нонуштадан сўнг хосхонасида икки соат давомида ҳеч нарсага чалғимай ёзарди. Туш пайти эса медитация билан шуғулланар ёки атрофдаги қишлоқларга сайр қиларди. Минорага электр сими тортилмагани боис, кун ўз ўрнини тунга бўшатиб берар чоғда мойчироқлардан нур, каминдан иссиқлик тарала бошларди. Юнг одатда соат ўнда уйқуга ётарди. “Бу минорада ором олиш ва янгиланиш ҳисси бошидан кучли эди”, дерди у.
Гарчи Боллинген минораси ором олиш маскани сифатида одамни ўзига жалб қилса‐да, Юнгнинг иш фаолияти нуқтаи назаридан қарасак, кўлбўйига узлатга чекиниш ишдан қочиш эмас эди. 1922 йили бу мулкни сотиб олгач, унинг таътилга чиқишга маблағи ҳам қолмади. Атиги бир йил олдин – 1921 йили у “Психологик турлар” китобини нашр қилдирди. Бу китобда Юнг ва унинг дўсти, устози Зигмунд Фрейд ғоялари ўртасидаги каттариб келаётган тафовутлар жамланган эди. 1920 йилларда Фрейдга қарши чиқиш катта жасорат эди. Ўз китобини янада бойитиш учун Юнг фикрларини тиниқлаштириши ва кейинчалик ўзи асос солган таълимот номига айланган “аналитик психология”ни дастакловчи ўткир мақола ва китоблар ёзиши керак эди.
Юнг Цюрихда маърузалар ва консультация амалиётлари билан банд бўларди, аммо у шу билан кифояланмай, инсондаги англанмаганликни тадқиқ этишни истарди, аммо бу мақсад чуқур ва пухта мулоҳаза юритишни тақозо қилардики, шаҳардаги олатасир ҳаёт тарзи кўпинча бунга имкон бермасди. Юнг Боллингенга ўзининг касбий фаолиятидан қочиш учун эмас, балки уни янада юксалтириш учун чекинган эди.
Карл Юнг 20‐асрнинг энг таъсирли мутафаккирларидан бирига айланди. Албатта, унинг муваффақиятли бўлишига сабаблар кўп. Аммо қўлингиздаги китобда мен унинг ютуқларида муҳим роль ўйнаган, у астойдил бажарган қуйидаги кўникмага диққат қаратмоқчиман:
Теран иш – ҳеч нарсага чалғимасдан, бор ақлий имкониятни ишга солган ҳолда, чуқур диққат билан бажарилган ишдир. Бу иш бебаҳо қиймат яратади, маҳоратингизни оширади ва уни ҳар ким ҳам бажара олмайди.
Теран иш интеллектуал қобилиятингизни охирги қатрасигача ишга солишни тақозо қилади. Психология ва нейрологияда йиллар бўйи олиб борилган тадқиқотлар натижаларидан биламизки, теран иш билан бирга кечадиган ақлий таранглик ҳам маҳоратингизни оширади. Бошқача айтганда, теран иш 20‐аср бошларидаги академик психиатрия сингари чуқур мушоҳада талаб қиладиган соҳада зарур бўлган фаолият тури эди.
“Теран иш” атамасини ўзим қўлладим, Карл Юнг ўз ишини бундай атамаган бўлса‐да, унинг фаолият тарзи теран иш нималигини уққан кишиникидек эди. Юнг ўз касбий фаолиятида теран ишлаш учун куч ва маблағ сарфлаб ўрмонда тошдан минора барпо этди. Бу Юнгни кундалик доимий машғулотларидан айириб қўйди. Мейсон Карри ёзишича, Юнгнинг Боллингенга қилган муттасил сафарлари клиникадаги ишлари учун вақт қолдирмасди, “унга ишониб келган беморлари кўп бўлса‐да, Юнг қўл силтаб кетишдан ҳеч уялмасди”. Теран иш, гарчи қўшимча масъулиятни англатса‐да, унинг дунёни ўзгартириш борасидаги мақсадлари учун ўта зарур эди.
Дарҳақиқат, агар сиз узоқ ва яқин тарихда яшаб ўтган бошқа кучли таъсирга эга шахсларнинг ҳаётини ўргансангиз, теран ишга содиқлик кенг тарқалганига амин бўласиз. Масалан, 16‐аср ёзувчиси Мишел де Монтеннинг француз қўрғони тош деворларини қўриб турган жанубий минорадаги шахсий кутубхонасида ишлаши бир қарашда Юнгни эсга солади. Марк Твен “Том Сойернинг саргузаштлари” асарининг катта қисмини ўзи ёзни ўтказадиган Нью‐Йоркдаги Квари фермасидаги ҳужрада ёзган. Твеннинг ижодхонаси асосий уйдан шунчалар айро эдики, оиласи уни овқатга чақириб олиш учун анча тер тўкишига тўғри келарди.
Замонлар оша бироз силжиб, сценарийнавис ва режиссёр Вуди Алленни эслайлик. У 1969 йилдан 2013 йилгача бўлган 44 йил мобайнида 44 та фильмнинг сценарийсини ёзиб суратга олди ва йигирма учта Академия номинацияси мукофотига сазовор бўлди – ақл бовар қилмас санъаткорона маҳсулдорлик. Ушбу давр мобайнида Алленнинг компьютери бўлмаган, унинг ўрнига электрон чалғитувчилардан холи ҳолда немисларнинг Олимпиа SM3 маркали ёзув машинкасидан фойдаланган. Бу борада Алленга шерик бўлганлардан яна бири назариётчи физик Питер Хиггс эди. У ҳам жамиятдан ажралган ҳолда ишлаган, ҳатто Нобел мукофотига лойиқ кўрилганда журналистлар уни топа олмай сарсон бўлган эди.
Гарчи “Ҳарри Поттер” романининг ёзилиш даври технология тараққиёти кенг кенг қулоч ёйган бир пайтга тўғри келган бўлса ҳам, унинг муаллифи Ж.К. Роулинг ижтимоий тармоқлардан анчагина олисда бўлган. Роулинг жамоаси ниҳоят 2009 йил кузида – ёзувчи “Тасодифий бўш жой” асари устида ишлаётганда унинг номидан “Twitter”да саҳифа очиб юрита бошлади ва дастлабки бир ярим йил давомида қўйилган ягона пост шундай эди: “Бу ҳақиқатан менман, лекин афсуски, бу ерда кўп ёзолмайман, чунки ҳозирда мен учун қалам ва қоғоз афзал.”
Теран иш, албатта, тарихий шахслар ёки технофобларгагина хос эмас. “Microsoft” компанияси бош ижрочи директори Билл Гейтс йилига икки марта “Тафаккур ҳафталиги”га вақт ажратар, ҳафта давомида ўзини ҳамма нарсадан ажратиб қўяр (кўпинча кўл бўйидаги ёзги ҳовлисида), вақтини ўқиш ва катта ғоялар ҳақида фикрлашга бағишларди. Айнан 1995 йилги “Тафаккур ҳафталиги” мобайнида Гейтс “Microsoft”нинг