Рақамли қалъа. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
Испаниядаги иссиқ ҳаво салбий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, Рақамли қалъа машмашаси… уни ҳолдан тойдирган бўлса эҳтимол…
Қиз бир муддат сукутга чўмди. Юзага келтирган муаммоларига қарамай, даҳо криптографнинг оламдан ўтиши унинг қалбини ўртаб юборди. Бу криптография олами учун улкан йўқотиш эди. Стратморнинг сезилар-сезилмас қувонч аралаш овози қизнинг ҳасратини тарқатиб юборди:
– Бўлиб ўтган шунча кўнгилсизликлар ичида қалбимга умид бағишлаган нарса Танкадонинг саёҳати давомида ёлғиз экани бўлди. Унинг ҳамтовоғи ҳали шеригининг ўлимидан хабар топмагани бизнинг имкониятларимизни кўпайтиради. Испан ҳукумати вазиятни иложи борича узоқроқ сир сақлашга ваъда берди.
Стратмор гапдан тўхтаб, қизга яқинлашди, кўзларини унга қадаб, қатъият билан деди:
– Мен кўзга кўринмас шерикни иложи борича тезроқ топишим керак, акс ҳолда у Танкадонинг вафотидан хабар топиб, бутун ишни чиппакка чиқаради. Сени бугун чақиришимдан мақсад ҳам шу – ёрдамингга муҳтожман.
Сьюзан командорнинг сўнгги гапларидан чалкашиб кетди. Энзай Танкадонинг қазо қилиши МХАнинг кўпчиб турган муаммосини ҳал қилмадими? Яна нега керак кимнидир қидириб, ишни чигаллаштириш?
– Жаноб, агар ҳукумат унинг ўлими юрак хуружидан экани ҳақида баёнот берса, Танкадонинг ҳамкори унинг вафотига МХА жавобгар эмаслигини билади. Бу билан биз дордан қутулиб қоламиз-ку.
– МХА жавобгар эмас? – Стратмор аламли кулди. – МХАни шантаж қилишга журъат этган кимса бироз вақт ўтиб ўлик топилса, бунга бизни жавобгар қилишмайдими? Бошқаларни қўятур, ҳарҳолда, Танкадонинг сирли дўсти бундай ўйламаслиги аниқ, гаров ўйнашим мумкин! Нима бўлсаям, айбдор биз бўлиб қолаверамиз.
У гапиришдан тўхтаб, қиздан сўради:
– Танкадонинг ўлганини айтганимда хаёлингга келган илк фикр қандай эди?
Қовоғини уйиб олган қиз зўрға жавоб берди:
– Мен ҳам МХА уни тинчитган деб ўйладим.
– Ана кўрдингми? – деди Стратмор тантанавор оҳангда. – Ўрта Шарқ узра бешта Rayolit сунъий йўлдошини ўрнатишга қурбимиз етишини билган одамлар бир тўда испан полициячисини Танкадонинг ўлими сабабини яшириб, ёлғон маълумот беришга кўндиришга ҳам қодир эканимизни яхши билади.
Сьюзан уф тортди. Танкадо ўлган, айбсиз айбдор эса МХА.
– Унинг шеригини топа оламизми ўзи?
– Менимча ҳа. Бизда унга олиб борадиган из бор. Танкадо кўп маротаба ҳамкор билан ишлаётгани ҳақида эълон қилган. Ўйлашимча, шу орқали йигит дастурлаш билан шуғулланувчи фирмаларни калитга эгалик қилиш илинжида ўзига зиён етказишдан қайтармоқчи бўлган. Агар ғирром ўйин бўлса, унинг шериги калитни дарҳол тарқатиб юборади, натижада барча компаниялар текин дастурга биринчи бўлиб эгалик қилиш учун мусобақалашишга тушиб кетади.
– Ақлли қарор, – Танкадонинг фикрини қўллади Сьюзан.
Стратмор давом этди:
– Баъзан омма олдида Танкадо шеригининг исмини айтиб ўтган. Уни Шимолий Дакота деб атаган.
– Шимолий Дакота? Қалбаки исм эканлиги кўриниб турибди.
– Тўғри. Исм ҳақиқий эмас.