Рақамли қалъа. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
хабар жўнатувчи ва қабул қилувчи ўртасида туриб, мактубнинг кимдан келаётганини яшириб берарди. Бу рақамланган почта қутисидан фойдаланишга ўхшайди. Фойдаланувчи исми-шарифини ва манзилини ошкор этмасдан туриб ҳам мактубларни юбориб, қабул қилиши мумкин. Шахс юборган мактубни қабул қилиб олган компания унга қалбаки исм кийдириб, қабул қилувчига йўналтириб беради. Бундай фирмаларнинг барчаси мижозлари билан тузган шартномага кўра уларнинг шахсий маълумотларини бир умр сир сақлаш мажбуриятини олади.
– Албатта, бу аниқ далил эмас, лекин шубҳаланишга арзийди, – деди Стратмор.
– Айтмоқчсизки, Танкадо Шимолий Дакотани қидириб қолишларидан чўчимаган, чунки унинг исми ва манзили ARA томонидан яширилган, қидирганлар барибир тополмайди деб ўйлаган, шундайми?
– Худди шундай, азизам.
Сьюзан бир неча сония ўйланиб қолди, сўнг сўради:
– ARA асосан АҚШ ҳудудида фаолият юритади. Шимолий Дакота қаердадир яқин атрофда бўлиши мумкин деб ўйлайсизми?
Стратмор елка қисди:
– Бўлиши мумкин. Икки калит сўзни географик жиҳатдан бир-биридан узоқда сақлаш яхши ғоя.
Сьюзан командорнинг гапларига қўшилди.
– Шимолий Дакота… – қиз ўйга чўмди. – Нима сабабдан айнан АҚШ штатларидан бирининг номи аноним исм қилиб танланган? Нега айнан Шимолий Дакота? Нега Вашингтон, Нью-Йорк, Калифорния эмас? Қизиқ… – сўнг овоз чиқариб сўради: – Бу анонимнинг Танкадога ёзган хабарларида нима дейилган экан?
– Бундан хабарим йўқ. Cоминт фақатгина Танкадодан чиқувчи хабарларни ушлаган. У қабул қилган мактублардан бехабармиз.
Сьюзаннинг юрагини шубҳа тарк этмаётганди.
– Бу тузоқ бўлиши мумкин, жаноб, – такрорлади у.
Стратморнинг қошлари чимирилди:
– Қанақасига?
– Жуда оддий! Танкадо ҳеч ким фойдаланмайдиган ўлик аккаунтга сохта электрон хабарларни атайдан юборган. Хабарларни ўқиб, уларни яхшилаб ҳимоялаган, ҳақиқатан ҳам ҳамтовоғи бор деб ўйлашимизга эришмоқчи бўлган. Билишимча, АҚШда унинг бирорта ҳам яқин кишиси йўқ эди. Унинг характерини ҳисобга олсак, аслида Танкадо ёлғиз ишлаётган бўлиши эҳтимолга яқинроқ.
Сьюзаннинг гапларини эшитиб, Стратмор қиқирлаб кулиб юборди:
– Ишонса бўлади. Лекин сен бир нарсани ҳисобга олмаяпсан. Танкадо Шимолий Дакотага мактубни ўзининг доимий электрон манзилидан юбормаган. Аксинча, ўзи бир вақтлар ўқиган Дошиша университетининг серверидан фойдаланиб, яширин аккаунт очган ва ёзишмаларда ўшандан фойдаланган. Ўзинг ўйлаб кўр… Агар Танкадо уни топишимизни истаган бўлса, нима учун махфий почта манзилидан фойдаланди?
Сьюзан саволга ўйлаб ўтирмай жавоб берди:
– Бу иши орқали у электрон почтасининг ишончлилигини таъминламоқчи бўлган холос. Чунки Танкадо қўйган тузоқдан шубҳаланиб қолишингиздан қўрққан.
– Сен аслида криптограф эмас, шахсий детектив бўлишинг керак эди, – Стратмор қизнинг фикрларини эшитиб кулиб юборди, сўнг тушунтиришга киришди. – Фикрингда жон бор.