Рақамли қалъа. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
буни барбод этишига йўл қўйолмасди. Ва шундай бўлди ҳам.
Уларнинг учрашувлари доим узоқ муддатли ва романтик бўларди. Ишларини якунлаши биланоқ кўришиш ҳаракатига тушиб қолиб, вақтларини бирга ўтказиш учун ўзига хос бирор нима ўйлаб топишарди. Баъзан университетнинг хазонларга безанган йўлакларида қўл ушлашганча сайр қилишса, баъзи оқшомларни севимли қаҳвахоналарида капучинодан баҳраманд бўлиш билан ўтказишарди. Баъзи вақтлари маъруза ва концертларга тушишарди. Сьюзан олдингига қараганда кўпроқ кула бошлаганини, ҳаётдан мамнун инсонга айланганини сезди. Девид билан бирга ўтказган вақти, йигитнинг ҳазиллари, самимий муносабати қизни МХАдаги залворли лавозимини бироз муддат бўлса-да эсдан чиқаришга ёрдам берарди.
Шундай куз кунларининг бирида улар Жоржтаун билан Рутгер университети ўртасида бўлиб ўтаётган футбол матчини томоша қилганча стадионда ўтиришарди.
– Қайси спорт тури билан шуғулланаман дегандингиз? Цуккини эдими? – илжайиб сўради Сьюзан.
Беккер лабини бурди:
– Йўқ, сквош ўйнайман мен.
Сьюзаннинг савол аралаш нигоҳини кўриб, Девид тушунтирди:
– Сквош ҳам цуккинига ўхшайди, лекин кичикроқ кортда ўйналади, – ва қизнинг бурнини чимчилаб қўйди.
Рақиб жамоа Жоржтаун дарвозасига чап бурчак остидан тўп йўллади, томошабинлар оҳлаб юборишди, ҳимоячи жон-жаҳди билан дарвоза томон шошилди. Ўйин шиддатли тус олди.
– Ўзингчи, бирор спорт тури билан шуғулланасанми? – сўради Девид.
– Стэйрмастер бўйича қора белбоғим бор, – кулди Сьюзан.
– Ммм, менга ғолиб бўлиш мумкин бўлган спорт билан машғул бўлиш ёқади, ўзингни ўзинг ютолмайсан-ку, – эътироз билдирди Девид қизнинг елкасидан қучганича.
Жоржтаун ҳимоячиси тўп йўлини тўсиб, рўй бериши мумкин бўлган голнинг олдини олгач, оломон хурсандчиликдан қийқириб юборди.
Сьюзан буларга беэътибор қараб, Девидга эгилди ва қулоғига шивирлади:
– Доктор.
Девид кўзини стадиондан узиб, қизга тикилди, гап нима ҳақида эканини тушунмади.
– Доктор, – яна қайтарди Сьюзан. – Хаёлингизга келган илк сўзни айтинг.
Беккер шубҳа аралаш сўради:
– Сўз ўйини?
– Оддий МХА тартиби. Мен ким билан эканимни билишим зарур, – Сьюзан Девиднинг кўзларига қатъий тикилди; – Доктор.
Беккер елка қисди:
– Дулиттл.
Сьюзан чимирилди:
– Окей, бунисига нима дейсиз… Ошхона.
– Ётоқхона, – иккиланмасдан қайтарди Девид.
Бу жавобдан сўнг қиз уялганича қошларини қоқди:
– Кат.
– Гут.
– Гут?
– Ҳа-да, катгут. Сквош ўйинидаги ракетка арқони.
– Ооо, ажойиб… – қиз жилмайди.
– Хўш, қандай ташхис қўйдинг менга?
Сьюзан бир дақиқа ўйлаб тургач, жавоб берди:
– Сиз беғубор, сўнгги вақтларда бирор қиз билан яқин алоқада бўлмаган сквош жиннисисиз.
– Шунақага