Рақамли қалъа. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
шуғулланувчи ҳар бир киши МХА ҳақида яхши хабардор бўлиб, у Ер юзидаги энг ақлли криптографлар учун бошпана эди. Ҳар баҳор хусусий тармоқ фирмалари юқори салоҳиятга эга ишчи-ходимларни қидириб топиб, улар билан маош масаласида бир тўхтамга келар, МХА эса бу жараённи диққат билан кузатиб, тайёр вариантлар орасидан энг муносибларини мўлжал қилар ва осмондан тушгандек улар олдида хусусий корхоналардан кўра икки баробар манфаатли таклиф билан пайдо бўларди. МХА нимани истаса, шуни сотиб олади. Бу ёзилмаган қонун. Сьюзан учрашувни сабрсизланиб кутганича Вашингтонга учиб келгач, уни аэропортда МХА ҳайдовчиси кутиб олиб, Форт Мидига елдек учириб олиб кетди.
МХА қароргоҳида Сьюзан ўзига ўхшаб иш таклифини олган яна қирқ бир кишига дуч келди. Ўша вақтлари йигирма саккиз ёшга кирган Сьюзан Флетчер улар орасида нафақат энг ёш, балки ягона аёл номзод ҳам эди. Ташриф ахборот алмашиш учун чақирилган йиғилишдан кўра кўпроқ номзодларнинг ақлий салоҳиятини ўлчайдиган текширувга айланиб кетди. Ўша куни ўзининг натижаси ҳақида ҳеч қандай ижобий ёки салбий жавоб билолмасдан, ҳафсаласи пир бўлиб ортга қайтган Сьюзанни келаси ҳафта қайта чақиришди. Гарчи иккиланаётган бўлса-да, Сьюзан яна Вашингтонга учди. Бу сафар у қабулхонада атиги олти кишини учратди холос. Ичкарига таклиф қилингандан кейин номзодлар бир-биридан холи ҳар хил вазифаларни бажаришди. Улар ёлғон детекторидан ўтишди, насл-насаблари қаттиқ суриштирилди, ёзувлари таҳлил қилиниб, бир-биридан кутилмаган ва ғалати саволлардан иборат интервьюларда соатлаб ўтиришди. Суҳбатда уларнинг жинсий мойиллиги, ким билан неча маротаба қай усулда интим алоқада бўлгани ҳақидаги ўта шахсий саволлар ҳам бор эди. Интервью олувчи Сьюзандан қачондир бирор ҳайвон билан жинсий яқинлик қилган-қилмагани ҳақида сўраганида бечора қиз шунақа уялиб кетдики, хонадан отилиб чиқиб кетишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Фақатгина энг замонавий кодлаш назарияси устида ишлаш илинжи, «сирли ошён»га қадам қўйиш ва дунёдаги энг махфий ташкилот, Миллий хавфсизлик агентлигининг аъзосига айланиш умидигина уни, минг ноқулай бўлмасин, саволларга тўлиқ жавоб беришга мажбур этди.
Қизнинг ҳикоясига маҳлиё бўлганича диққат билан эшитиб ўтирган Беккер ажабланиб сўради:
– Улар ростдан ҳам ҳайвонлар билан жинсий алоқада бўлганмисан, деб сўрадими?
Сьюзан бош ирғади:
– Бу аслият текширувининг бир қисми холос.
– Тушунарли… – Беккер кулиб юборишдан ўзини босишга уриниб яна сўради: – Сен нима деб жавоб бердинг?
– Ярамас, – қиз ярим ҳазил, ярим чин жаҳл қилиб, стол остидан Девидни тепаркан, – мен уларга йўқ деб жавоб бердим, – деди. Кейин маъноли жилмайиб, қўшиб қўйди:
– Умуман олганда сиз билан бирга ўтказган тунимгача бу гапим ҳақиқат эди.
Девид Сьюзан бутун умр учратишни орзу қилган мукаммал инсоннинг айни ўзи эди. Бироқ йигитнинг бир феъли бор эдики, бунга қиз асло тоқат қилолмасди: ҳар сафар овқатлангани чиқишганида Беккер ҳисобни доим ўзи тўларди. Йигит бир кунлик даромадининг барчасини