Жавдарзордаги халоскор. Дж. Д. СэлинджерЧитать онлайн книгу.
жуда мамнун…
– Жон дердим… Аммо кетмасам бўлмайди, рости. Тўғри спортзалга боришим лозим. Шундай бўлса ҳам раҳмат. Катта раҳмат сизга, сэр.
Сўнг қўл сиқишдик. Буларнинг барчаси бемаънилик, аммо негадир бу кўнглимни чўктириб юборди.
– Сизга, албатта, хат ёзаман, сэр. Бундан буёғига грипдан эҳтиёт бўлинг.
– Хайр, йигитча.
Эшикни ёпиб, ётоқхона томон кетаётганимда у ортимдан нимадир деб бақирди. Аниқ эшита олмадим. Аммо у “Омадингни берсин!” деб бақирганига ишончим комил. Умид қиламанки, бундай деб бақирмаган, бу жин ургур сўзни айтмаган. Мен ҳеч қачон ҳеч кимга “Омадингни берсин!” деб бақирмаган бўлардим. Агар билсангиз, бу сўз қулоққа жуда бемаъни эшитилади.
3
Мен ғирт ёлғончиман – мендақа алдоқчини умрингиз бино бўлиб кўрмагансиз. Бу жуда ёмон одат, биламан. Агар журнал сотиб олгани дўконга кетаётган бўлсам-у, йўлда кимдир қаерга кетаётганимни сўраса, опера тинглагани, деб юбораверишим ҳам ҳеч гап эмас. Ўта ярамас одат! Қария Спенсерга спортзалга бориб, анжомларимни олишим кераклиги ҳақида айтган гапим ҳам ғирт ёлғон эди. Аслида мен нарсаларимни спортзалда қолдирмас эдим.
Пенсида янги қурилган ётоқхоналарнинг Оссенбургер деб аталган қисмида яшардим. Бу бинода ўн биринчи ва ўн иккинчи синф ўқувчилари турарди. Мен ўн биринчи синфда ўқирдим. Хонадошим эса битирувчи ўқувчи эди. Бизнинг ётоқхона Пенси мактабини тамомлаган Оссенбургер исмли бир кишининг шарафига шундай номланган. Мактабни битиргач, у гўрковлик бизнесини йўлга қўйиб бойиб кетганди. У бутун мамлакат бўйлаб буюртма олар ва ҳар бир вафот этган яқинингизни дафн этиш учун беш доллар тўлар эдингиз. Жаноб Оссенбургернинг ўзларини бир кўрсангиз эди. У афтидан мурдаларни қопга тиқиб дарёга улоқтирадиганга ўхшарди. Хулласи калом, ўша кимса мактабга талай пул берган ва шунинг учун бизнинг ётоқхонага унинг номи берилганди. Оссенбургер йилнинг илк футбол учрашувига ўзининг баҳайбат лаънати Кадиллакда кириб келганди. Биз эса уни трибунада тик турганча ҳайқириқлар садоси остида (яъни олқишлар билан) қарши олишимизга тўғри келган. Эртаси куни тонгда у ибодатхонада икки соат жавраб нутқ сўзлади. Ўзининг ҳам бизга ўхшаган жайдари одам эканлигини кўрсатиш учун гапини камида элликта сийқаси чиққан латифа билан бошлади. Шунинг ўзи ҳам катта гап эди. Кейин эса у қачонки бошига ташвиш тушса, чўк тушиб тангрига ёлворишдан уялмаганини гапира кетди. Биз қаерда бўлишимиздан қатъи назар, доим Худога илтижо қилишимиз, у билан дардлашмоғимиз кераклигини уқтирди. Айтишича, Исони ўз биродаримиз деб билмоғимиз лозим экан. Ўзи ҳам мудом Исо билан суҳбат қуриб туришини, ҳаттоки рулда ҳам бу ишни канда қилмаслигини айтди. Шу гапига кулгидан ичагим узилаёзди. Ўша бесўнақай муттаҳам ҳаромининг машинасини секинлатиб, Исога юзланганча кўпроқ мурда юборишини сўраётганини бир тасаввур қилинг-а. Бутун нутқнинг пичоққа илинарли ягона жойи унинг ўрталарига келиб содир бўлди. У ўзининг нақадар уддабурон, нақадар абжирлиги ҳақида лоф ураётган маҳал кутилмаганда мендан олдинги қаторда ўтирган йигитча Эдгар Марсалла порт этиб ел чиқариб юборса бўладими!