Қадр кечасидаги қотиллик. Комил Ойдинович СиндаровЧитать онлайн книгу.
қиздан нимани истайсиз? Билганини айтди. Тўғри, айрим масалаларда сал ошириб юборган бўлиши мумкин. Бунга сабаб, Санжар ака айтгандай, Худоёрни қотил деб билиши. Буни тушунса бўлади. Ҳарҳолда она сути оғзидан кетмаган қизни жиноятчиларга шерик, деб ҳисобламаётгандирсиз!
– Ким қандай деб ўйлашидан, нима деб ҳисоблашидан қатъий назар биз марҳумларга яқин барча шахслардан гумонсирашга мажбурмиз, – гуруҳ раҳбари пасангини тўғри тутишга ҳаракат қилди, – бу дегани ҳатто Шахина ҳам, Тахмина ҳам шубҳадан юз фоиз холи деб бўлмаслигини англатади.
Баҳс-мунозара анчагача давом этди…
Сержант либосидаги милиция ходими хонага ўттиз беш-қирқларни қоралаган, ўрта бўйли, аммо хийлагина чайир, соч-соқоли бетартиб ўсган, юзлари сўлғин, кўзлари киртийиб қолган йигитни олиб кириб, қўлидаги кишанни ечди ва терговчининг имоси билан ташқарига чиқиб кетди.
– Худоёр ака, яхши дам олдингизми? – терговчи ўзгача лутф билан гап бошлади.
– Раҳмат, дам олиши шунақа бўлса, дамсиз ўтган маъқул, – юзини бурди айбдор. – Сиз яна ким бўлдингиз? Яхши гапириб, емаган сомсамга пул тўлатмоқчи бўлсангиз, адашасиз!
– Танишайлик, Санжарбек Раҳмоновман, Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, сизнинг ишингиз бўйича тергов гуруҳи раҳбари этиб тайинландим.
– Нима, терговчи ишдан кетдими? – деди Худоёр надомат билан.
– Нега ишдан кетар экан, бирга тергов қиламиз.
– Яхши йигит экан… битта шу бола менга ишонди. Лекин раҳбарларининг юзидан ўтолмай… қийналиб кетди. Айбсиз одамни қамашга уста бўлсангиз керак… сизни чақиришибди-да!
– Терговчининг вазифаси жиноятни фош қилиб, жазонинг муқарралигини таъминлаш, айбдорга жазо бериш масаласини ҳал қилиш учун ишни судга оширишдан иборат, – мулойимроқ бўлишга ҳаракат қилди Санжарбек. – Шахснинг айбдорлиги исботланмаса, у айбсиз ҳисобланади. Бу ҳам терговчининг вазифаси. Аммо гумон қилинаётган шахс ҳам бунда терговчига ёрдам бериши лозим. Шахснинг айбдорлигини исботлаш мураккаб иш. Шахснинг айбсизлигини исботлаш эса ундан-да, мураккаб жараён.
– Сиз нималар ҳақида гапиряпсиз тушунмайман… Унақа чиройли гаплар бизга ўхшаган аравакашлар учун эмас, – сал юмшагандай бўлди Худоёр. – Айтганларингиз рост бўлса, хе йўқ, бе йўқ жиноятчи қолиб, айбсиз одамни қамаб ўтирганларингни қандай тушунса бўлади.
– Сиз асоссиз ушлангансиз, деб айтолмайман, – жайдарироқ тушунтиришга урунди гуруҳ раҳбари, – терговда сизга шубҳа қилишга етарлича асослар бор. Илёс бобо билан муносабатларингиз азалдан ёмон бўлган, унга «Ўлдираман!» дея пўписа қилгансиз ва ниҳоят, мошинангиздан далилий ашё – қон доғлари билан пичоқ топилган. Бундай ҳолатда терговчи сизни гумондор сифатида ушлашга, қамоққа олишга санкция олишга мажбур эди. Бироқ кейинчалик терговчида сизнинг айбдорлигингизга шубҳа пайдо бўлган. Иш билан танишиб чиққач, шундай шубҳа менда ҳам туғилди. Аммо сизни қўйиб юбориш учун шубҳа, гумонларнинг ўзи етарли бўлмайди. Айбсизлигингизни исботлашимиз керак. Шу сабабли сиз менга ҳаммасини