Қадр кечасидаги қотиллик. Комил Ойдинович СиндаровЧитать онлайн книгу.
ўралган мурда мана бу ерда бўлган, – бошловчи рўмолчаси билан бурнини беркитганча хонанинг тўридаги бурчакни кўрсатди.
– Тушунарли, – Санжарбек мурда турган жойни бир муддат кўзи билан пайпаслаб, орқага тисралди.
– Терговчи ака, – ҳовлига чиққач, Шахина гуруҳ раҳбарига яқинлашди, – шу ишни ергина ютгур Худоёр қилганмикан? Жанжаллашса – отам билан жанжаллашган, онам бечорада нима айб? Қамоқда чиригур!!!
– Биласиз, айбдорлик масаласини суд ҳал қилади, – мавҳумроқ жавоб қилди гуруҳ раҳбари, – текширяпмиз, ҳозирча бир нарса дейиш қийин.
– Бу нима деганингиз? Ахир уни қамадинглар-ку! – ҳайрона боқди аёл. – Қотил бошқа одам ҳам бўлиши мумкинми?
– Иш сизу биз ўйлагандан кўра мураккаброқ, ҳар нарса бўлиши мумкин, – Санжарбек гапни калта қилиб, кетишга чоғланди. – Жиянингиз келгач, бирга шаҳар прокуратурасига ўтасизлар, бафуржа гаплашамиз.
Кечга яқин Шахина жияни Тахминани бошлаб келди. Хонага кўхликкина, тўшдор жуссаси келишган, камон қошли, шахло кўз, жингалак соч, ёноқлари олмадай қип-қизил, бўлиқ кўкраклари қоматига ярашиқ қиз кириб келганда йигитларнинг кўзлари бир зум ўзларига бўйсунмай қолди. Қиз нигоҳлар босимига дош беролмай, ўзини аммасининг панасига олишга уринди.
– Келинглар, марҳамат, ўтиринглар, – гуруҳ раҳбари меҳмонларга жой кўрсатди. Жўрабой чаққонлик билан стол устидаги чойнакдан пиёлага чой қуйиб, узатди.
– Жияним репититордан кечроқ қайтганди, шунга сал кечикиб қолдик,– деди Шахина қимтинибгина.
– Репититорга борадими?
– Ҳа, ўқишга киришга тайёрланяпти.
– Ҳа, қиздир-ўғилдир ўқигани яхши, – гуруҳ раҳбари қизни чўчитиб юбормаслик учун гапни «узоқдан олди». – Тахмина, баҳолар қанақа? Ҳаммаси бешми?
– Раҳмат… яхши… тўрт-беш…
– Уч ҳам борми?
– Бор…
– Уч қиз болага ярашадиган баҳо эмас, – деди Санжарбек кулимсираб.
– Худо хоҳласа институтга кириб, фақат бешга ўқимоқчи, – деди амма оғзини тўлдириб.
– Унда яхши. Тахминахон, бобонгизни яхши кўрардингизми? – гуруҳ раҳбари муддаога ўтди.
– Ҳа, – аммасига бир қараб, қисқа жавоб берди қиз.
– Момонгизни-чи?
– Бувим менга ҳам она, ҳам ота эдилар…
– Айтишларича, бобонгиз сизни кўп тергар экан, шу тўғрими?
Қиз ер чизганча жим тураверди.
– Тахмина, бор гапни айтавер, тортинма, жоним, – далда берди амма.
– Сўрамасдан кўчага чиқсам, уйга кечроқ келсам уришиб берардилар, – деди қиз бироз ўйланиб туриб, – қари одам, мендан хавотир олган-да… Унақа бесабаб койимасдилар…
– Бувингиз-чи, койиб турармиди?
– Бувим тилла кампир эди. Ўзлари ҳеч қачон менга қаттиқ гапирмаган. Бобом уришган пайтларда ҳам нуқул ёнимни олардилар.
– Қотиллик юз берган машъум тунда нима бўлганлигини батафсил гапириб берсангиз.
– Ўша куни мен уйда эдим, – ҳикоясини бошлади қиз, – кечки пайт бобом кўчага чиқиб, қаергадир бориб келди. Кайфияти яхши эмасди. Шу сабабли