1985. Энтони БёрджессЧитать онлайн книгу.
санъат инсоний манфаат ва қизиқишларидан анча юқори. Насронийлик таълимотидаги жаннатдан фарқли ўлароқ у яхши учун ҳам, ёмон учун ҳам тенг – гўё Худонинг авлиё Августинга кўрсатган марҳамати сингари. Ва бу тор фикрли ахлоқшуноснинг наздида шубҳалидир.
Унда яхши иш нима? Фақирни кийинтиришми, беморга ғамхўрлик қилиш, очларга таом бериш ёки жоҳилларга илм ўргатишми? Мазкур бир-биридан алоҳида ҳаракатларни тирик организмга табиий муҳитда эркин ишлаш қобилиятини қайтариш истаги нуқтаи назаридан умумлаштириш мумкин. Бу ҳаракатлар эзгу бўлса-да, ҳар доим ҳам тўғри эмас. “Жаҳолат – куч”, – эълон қилади ингсоц. Фашистлар айтган эдилар: барча яҳудийлар оч қолсинлар, музласинлар ва ўлим топсинлар. Эзгу иш манфаатдор кишилар орасидаги ирқий ва бошқа тафовутларни тан олмайди. Яхшилик – бу қушнинг синган қанотини тузатиш ёки гуаляйтер56нинг ҳаётини асраб қолишдир. Эзгуликнинг поклиги унинг қай даражада беғаразлиги билан ўлчанади; унчалик юксак бўлмаган одамларнинг яхшиликлари аралаш, тушуниксиз ва ғайриихтиёрий мотивларга эга бўлиши мумкин; бироқ, яхши иш назоратдан чиқишга интилади, мақсадлар, қонун ва сиёсат унинг учун аҳамиятсиз тушунчалар бўлиб қолаверади. Биламизки, эзгу ният ёмон оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Темир йўл фалокатида Чарлз Диккенс бепарволик билан ярадорларнинг томоқларига бренди қуйди ва бу билан бир неча инсоннинг умрига зомин бўлди. Аммо, у қотил эмасди. Чинакамига яхшилик қилиш қобилияти юқори интеллект ва катта илм билан боғлиқ. Инсонда эзгуликни жоҳил ёвузликдан ажрата олиш қобилиятининг босқичма-босқич ортишини тараққиёт деб аташ мумкин.
Соф шаклда ёвузлик ҳам яхшилик сингари беғараз хусусиятга эга. Агар эзгулик инсон организмининг куч ва имкониятларини эркин намоён этишга ҳисса қўшса, унда ёвузлик муқаррар равишда бу эркинликни чеклашга интилиши керак. Модомики, биз пелагиан эканмиз, унда инсонга тўлиқ ахлоқий танлов эркинлиги берилганлигини қабул қилишимиз керак. Бу имкониятни йўқ қилиш – одамийликдан чиқаришдир. Ёвузлик тирик қалбни манипуляцияга айлантириш вақтида ўзини янада ёрқинроқ намоён этади. Ўлимга маҳкум этиш етарлича ёвуз қилмиш, аммо қийноқлар доимо ундан-да ёмонроқ, дея ҳисобланган. Давлат – инсонийликдан чиқаришдан энг кўп манфаатдор. Давлат ахлоқий танлов масалаларида ташаббусни қўлга олишга мойил ва шахснинг мустақил қарор қабул қилишини таъминлашга интилмайди. Ҳокимият эгалари ҳукмдор ва бошқарилувчининг хоҳиш-иродалари ўртасидаги фарқни англашлари ниҳоятда муҳим. Идеал ҳолатда ҳукмдорнинг хоҳиш-иродаси мутлақо эркин бўлиши лозим; бўйсунувчиларнинг эркинлиги эса тузумнинг қай даражада авторитарлигига боғлиқ. Давлат – ҳукмдорнинг бошқарилувчилар устидан ҳокимиятни амалга ошириш воситаси. Шундан келиб чиқиб, мазкур восита ўз вазифаларини амалга оширишда иложи борича камроқ қаршиликка учраши керак ва давлатда мужассамлашган ёвузлик ҳеч қачон беғараз бўлмайди, дейиш мумкин. Бироқ, Оруэллнинг какотопиясидаги
56
Гуаляйтер – немис миллий-социалистик ишчи партиясида вилоят миқёсидаги энг юқори лавозим ва унинг соҳиби.