Ишққа оид 40 қоида. Элиф ШафакЧитать онлайн книгу.
қандай жавоб бериш мумкин? Худога шукурки, айни шу пайт эшик тақиллаб қолди. Малласоч хизматчи ёнимга келиб қулоғимга бир дарбадар дарвиш меҳмон бўлиб келганини, у мен билан, албатта, боғланиши кераклигини ва бошқа ҳеч ким билан гаплашмоқчи эмаслигини таъкидлаётганини айтди.
Бундай ҳолларда мен одатда меҳмон кутиб туришини ва токи келган одамларни кузатмагунимча уни холи бир хонага олиб киришларини ва овқатлантиришларини сўраган бўлар эдим. Лекин ҳозир қози мени ноқулай аҳволга солиб қўйгани учун, бу дарбадар дарвишни ёнимизга таклиф этсам ёмон бўлмаса керак: балки у турли мамлакатларда кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб, вазиятдаги тарангликни юмшатар, деб ўйлаб қолдим. Шу ўй билан меҳмонни ёнимизга таклиф этишларини сўрадим.
Бир неча дақиқадан сўнг эшик яна очилиб, бошдан-оёқ қора кийим кийган одам кириб келди. Озғин, ҳолдан тойган, ёши нечадалигини билиб бўлмайдиган бу одам дарҳол диққатимни ўзига тортди. Қирра бурунли, ичкарироқ ботган қора кўзли ва қора қошли, пешонасига қалин жингалак сочлари тушиб турарди.
Қайтарма ёқасига қалпоқ қўшиб тикилган узун плащ ва қўй терисидан тикилган этик кийган эди. Бўйнида бир неча тумор осилиб турарди. Қўлида ёғоч косасини – дарбадар дарвишларнинг хайр-эҳсон солинадиган идишини ушлаб турарди – бу иззатпарастлик ва кибрнинг енгиб ўтилганлиги мажози эди. Менга унинг қози ва унинг ҳамроҳларига унча эътибор бермагани дарҳол равшан бўлди. Унинг ўзини дайди ёки гадой сифатида қабул қилишлари мумкинлигининг ҳам унга фарқи йўқдай эди.
Мен кириш ва ўзини танитиш учун рухсат беришларини кутиб, эшик олдида турганини кўрганимдаёқ унинг бошқа дарвишларга ўхшамаслигини дарров илғадим. Бу унинг кўзларида, хатти-ҳаракатларида, бутун қиёфасида кўриниб турарди. У кичкина ва заиф бир зарра бўлиб кўрингани билан, бамисоли қудратли эман дарахти уруғини ўз ичига олган меваси каби эди.
– Хуш келибсан, дарвиш, – дедим мен ва қўлим билан рўпарамдаги кўрпачадан жой кўрсатдим.
Дарвиш ҳамма билан саломлашиб, атрофдаги барча одамларга эътибор билан ва ҳеч нарсани назаридан четда қолдирмаган ҳолда ўтирди. Кейин унинг нигоҳи қозида тўхтади. Назаримда, улар бир дақиқадан кам бўлмаган вақт мобайнида бирон бир сўз айтмаган ҳолда, бир-бирларидан кўз узмай қолишди. Улар – ижтимоий пиллапоянинг буткул қарама-қарши томонларида турган бу кишилар – бир-бирлари ҳақларида нималарни ўйлаётганлари мен учун жуда қизиқ эди.
Мен дарвишни илиқ эчки сутидан ичишга, ширин анжир ва хурмодан тановул қилишга таклиф этдим, лекин у буларни одоб билан рад этди. Исмини сўраганимда исми Шамс Табризий эканини ва у Худо излаб кезган дарбадар дарвиш эканини айтди.
– Хўш, топдингми Уни? – сўрадим мен.
Дарвишнинг юзига соя тушгандай бўлди; у бош ирғитди.
– Албатта, У ҳамиша ва ҳамма ёқда мен билан бирга.
Қози одоб сақлашни хаёлига ҳам келтирмасдан, ҳингиллаб кулди:
– Нима учун сиз дарвишлар ўз ҳаётингизни бу қадар мураккаблаштириб юборасиз, шуни ҳеч қачон тушунмаганман. Ҳамон Худо