Алвидо, қурол. Эрнест Миллер ХемингуэйЧитать онлайн книгу.
стаканини кўтарди: – Сизнинг шавкатли жароҳатларингиз учун! Кумуш медаль учун! Айтинг-чи, бэби, узун кун бунақа иссиқда ётиш жонингизга тегмадими?
– Тегяпти.
– Мен бунақасини хаёлимга ҳам келтиролмайман. Жинни бўлиб қолардим.
– Ҳалиям соғмассиз.
– Тезроқ тузалинг-да, ишқилиб. Тунги саргузаштлардан сўнг уйга якка қайтгиси келмайди одамнинг. Ҳазилвонинг йўқ. Қарз бериб турадиганинг йўқ. Ҳамхонам ва тутинган биродарим йўқ. Шу бош оғриғи жароҳатларни орттирмасангиз, камайиб қолармидингиз?
– Руҳонийнинг қитиғига тегмаяпсизми?
– Қўйинг шу руҳонийни! Мен унга ҳеч тегажоғлик қилмайман. Капитан ҳазиллашади. Руҳоний яхши одам. Сизга руҳоний керак бўлса, бизникини ола қолинг. У сизни йўқлаб келмоқчийди. Олдиндан тайёрланиб юрибди.
– Мен уни жуда яхши кўраман.
– Биламан. Менга баъзан сиз у билан сал ҳалигиндақа бўлиб кўринасиз. Биласиз-ку, ўзингиз.
– Бекорларни айтибсиз.
– Рост айтяпман.
– Бўлмағур гап!
У ўрнидан туриб, қўлқопини кийди.
– Сизга азоб беришни бунча яхши кўраман-а, бэби. Бундоқ қараганда, руҳонийга ва инглиз қизга бўлган муносабатларингиздан қатъи назар, сиз дилингизда худди менга ўхшайсиз.
– Ундай эмас.
– Ўхшайсиз, дедимми, ўхшайсиз. Сиз чинакам италянсиз. Турган-битганингиз олов билан тутун, ичингизда эса ҳеч вақо йўқ. Сиз фақат ўзингизни америкаликка оласиз. Биз сиз билан оға-инидекмиз, бир-биримизни яхши кўрамиз.
– Мен йўғимда ақлли бола бўлинг, – дедим мен.
– Сизнинг олдингизга мисс Барклини юбораман, Мен бўлмасам у билан ёзилиброқ гаплашасиз. Сиз маъсумроқ ва дилбарроқсиз.
– Бўлмағур гап!
– Юбораман уни. Сизнинг гўзал ва совуқ илоҳангизни. Инглиз илоҳасини. Ё Раб, бундай аёлга таъзим қилмоқдан ўзга не чоранг бор? Инглиз аёли шундан бошқа яна нимага ҳам ярарди?
– Сиз нодон, вайсақи дагосиз.
– Ким?
– Нодон макаронхўр.
– Макаронхўр. Ўзингиз макаронхўр… юзини совуқ урган макаронхўрсиз.
– Нодон. Калтафаҳм. – Мен бу сўз уни чақиб олганлигини кўриб, давом этдим: – Маданиятсиз, оми. Ўқимаган, фаросати йўқ.
– Ҳали шундайми? Бўлмаса, сизга фаришта қизларингиз ҳақида бир гап айтиб-берайки. Илоҳаларингиз ҳақида. Бокира қиз билан хотин орасидаги фарқ битта. Қиз билан бўлганингда, у оғриқ сезади, холос. Бошқа гап йўқ, – У қўлқопини каравотга урди. – Шуниси ҳам борки, қиз билан бўлганингда, бу унга ёқадими, ёқмайдими, билолмайсан.
– Жаҳлингиз чиқмасин.
– Жаҳлим чиқаётгани йўқ. Мен буни сизнинг фойдангиз учун айтяпман, холос, бэби. Сизни ортиқча даҳмазадан қутқармоқчиман.
– Ҳамма фарқи шундагинами?
– Ҳа. Аммо сизга ўхшаган миллионлаб аҳмоқлар буни билишмайди.
– Буни менга айтиб қўйганлигингиз яхши бўлди.
– Қўйинг, уришмайлик, бэби. Мен сизни жуда яхши кўраман. Жиннилик қилиб юрманг.
– Хўп. Мен сизга ўхшаб ақлли бўламан.
– Жаҳлингиз чиқмасин, бэби.