Ибтидо. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
тасвирлагани каби – бошинг ичига кимдир кириб олгандек таассурот берарди.
– Сизга чин юракдан хуш келибсиз деймиз, жаноб Лэнгдон, – деди овоз енгил британча талаффузда. Унинг оҳанги зиёли, айни дамда дўстона эди. – Менинг исмим Уинстон. Бугунги кечада сизнинг йўлбошловчингиз бўлишдан мамнунман.
“Кимнинг овози бўлди яна бу? Ҳью Грантга ўхшайдими?” ўйлади Лэнгдон.
– Бу оқшом, – қувноқ оҳангда давом этди Уинстон, – истаган жойингизда истаганингизча сайр қилишингиз мумкин. Камина томоша қилаётган экспонатларингиз ҳақида тўлиқ маълумот беришга имкон қадар ҳаракат қиламан.
Афтидан, меҳмонларнинг шахсий маълумотлари ва суяк орқали овоз ўтказиш технологиясига қўшимча равишда ҳар бир қулоқчинда тингловчининг қаерда турганини аниқлаб берувчи GPS тизими мавжуд эди, у орқали аудио йўлбошловчининг нима ҳақида гапириши белгиланарди.
– Жаноб, санъатшунос олим сифатида сиз зийрак меҳмонларимиздан бирисиз. Менинг маълумотларимга эҳтиёжингиз камроқ бўлиши табиий ҳол. Бундан ҳам ёмони, айрим жабҳаларда камина қилган таҳлиллар сизнинг эътирозингизга сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас! – овоз хижолатомуз кулди.
“Наҳотки? Ким ёздийкан бу матнни?” Профессорнинг ҳайрати ошди. Хушчақчақ муомала ҳамда ҳар бир шахс учун мослаштирилган хизмат яхши ёндашув эди, албатта. Лекин ҳар бир мезбонга мосланган индивидуал қулоқчинларни тайёрлашга қанча меҳнат сарфланганини Лэнгдон тасаввурига сиғдиролмади.
Дастурланган саломлашиш диалогидан толиққандек, Уинстоннинг уни чиқмай қолди.
Лэнгдон оломон тепасига илиб қўйилган яна бир улкан қизил афишага кўзи тушди.
“Нималарни ўйлаб юрибсан, Эдмонд?”
Лэнгдон лифтга қаради. У ерда машҳур глобал интернет компанияларининг икки асосчиси, таниқли ҳиндистонлик актёр ва Лэнгдондан бошқа кўпчиликка яхши таниш бўлган башанг VIPлар гап сотиб турарди. Оммавий медиа ёки Болливуд ҳақидаги майда суҳбатларга тоби йўқ профессор бу гуруҳдан узоқлашишни афзал билди ва уларга қарама‐қарши томонга юрди. Унинг эътиборини тортган нарса қаршисидаги деворга тираб қурилган замонавий асар намунаси эди.
Ғайриодатий экспонат қора гроттога жойлаштирилганди. У пол тирқишларидан чиқиб, тепага ҳаракатланиб, шифт тирқишларида ғойиб бўлувчи тўққизта энсиз тасмалардан ташкил топганди… Ижод намунаси вертикал югураётган тўққизта тренажёрга ўхшарди. Ҳар бир тасма юзасида матн акс этган бўлиб, бу ёзувлар ҳам тасмаларга қўшилиб тинимсиз ҳаракатда эди.
Мен баланд овозда илтижо қиламан…
Сенинг ифорингни ҳис қиламан…
Сенинг исмингни айтаман.
Лэнгдон экспонатга яқинроқ боргач пайқадики, ҳаракатланаётгандек туюлган тасмалар аслида жойидан жилмаётган экан; ҳаракат иллюзияси уларга ўрнатилган миттигина лампочкалар орқали ҳосил қилинарди. Лампочкалар кетма-кет ўчиб-ёниб керакли сўзларни шакллантиради. Ҳодиса тез ва аниқ изчилликда бўлгани сабабли тасмалар ва ундаги жумлалар полдан