Ибтидо. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
сезди. Ҳаттоки бирга ташриф буюрган жуфтликлар ҳам бир‐бирига ҳайрон боқиб, боши ичидаги йўлбошловчи билан гаплашарди.
– Ҳар бир меҳмонга шахсий гид ажратилганми? – ишонолмасдан сўради Лэнгдон
– Худди шундай, жаноб. Бугун биз уч юз ўн саккизта одамга алоҳида хизмат кўрсатамиз.
– Бўлиши мумкин эмас!
– Жаноб Кирш санъат ва технологиянинг ашаддий мухлиси экани ўзингизга маълум. Музейларда уюштириладиган жамоавий сайрларни жини суймагани боис, у киши шахсий йўлбошловчи тизимини яратди. Бу билан ҳар бир ташриф буюрувчи алоҳида сайрдан мароқ олиб, ўзига мос тезликда экспонатларни томоша қилиши, истаган манзилига юриши, йўлбошловчидан ўзини қизиқтирган саволини сўраши мумкин. Биласиз‐ку, жамоавий сайрлар вақтида гуруҳга эргашиш, у билан баравар юриш, шерикларга етишиб юриш, савол беришдан тортиниш каби ҳолатлар санъатдан тўлиқ баҳра олишга халал беради.
– Эскиликчи деб ўйламанг, лекин нега энди биз билан бирга юриб қўя қолмайсизлар?
– Мантиқан олиб қараганда, – жавоб қайтарди Уинстон, – ҳар бир киши учун алоҳида экскурсовод ажратиш музейдаги жами одамлар сонини икки баравар оширади. Бу эса ташриф буюрувчилар миқдорининг тенг яримга қисқариши демак. Бундан ташқари, ҳамма гидлар баравар маъруза ўқиса, қандай шовқин бўлишини тасаввур қиляпсизми? Тан олинг, яхшигина ноқулайлик туғдириши аниқ. Хуллас, шахсий йўлбошловчи тизимидан кўзланган асосий мақсад – суҳбат учун имкон қадар қулай шароит яратиб бериш. Жаноб Кирш доим такрорлаганидек, санъатнинг энг муҳим мақсадларидан бири мулоқотдир.
– Сўнгги фикрингизга тўлиқ қўшиламан, – деди Лэнгдон. – Айнан мулоқот қилиш, фикр алмашиш учун одамлар музейларга кўпинча дўсти ёки севгани билан боради. Сизларнинг қулоқчинингиз эса бу муҳитни бироз бузадигандек.
– Агар шеригингиз билан келсангиз, – Уинстон дарҳол жавоб қайтарди, – иккала қулоқчинни битта йўлбошловчига мослаб, кичик жамоада сайр қилишингиз мумкин. Биз бу масалани ҳам ўйлаб қўйганмиз.
– Сизда ҳамма саволга жавоб бор, шекилли.
– Менинг ишим шундан иборат‐ку, – хижолатнамо кулди Уинстон ва дарҳол суҳбат мавзусини ўзгартирди. – Хўш профессор, давом этамизми? Залдан деразалар тарафга юрсангиз, музейда сақланадиган энг катта суратни кўрасиз.
Зални кесиб ўтаркан, йўлида учраган чамаси ўттиз ёшлардаги келишган жуфтлик Лэнгдоннинг эътиборини тортди. Улар бир хил оқ рангли бейсбол кепкаси кийиб олганди. Кепкаларнинг олд қисмида одатдаги бренд эмас, ғалати белги туширилганди.
Бу белгини Лэнгдон жуда яхши биларди. Лекин уни ҳеч қачон кепкада учратмаганди. Безак берилган А ҳарфи сўнгги йилларда катта суръатларда кўпайиб бораётган – атеистларнинг муштарак тимсоли эди. Худосизлар сифатида кўрилувчи бу жамият аъзолари диний эътиқоднинг хавф‐хатарлари ҳақида кундан‐кун дангал, баралла гапиришни бошлаганди.
“Атеистлар ўз бейсбол кепкасини ишлаб чиқаряптими?” таажжубланди Лэнгдон.
Атрофида ғуж‐ғуж бўлиб юрган компьютер ишқибозларига кўз югуртираркан, Лэнгдон уларнинг аналитик