Ибтидо. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
жамлаб, майдонни кесиб ўтди. Йўл‐йўлакай Бильбао Гуггенҳайм музейи олдига ўрнатилган ғалати ҳайкалларга кўзи тушди. Бинога яқинлашаркан, дарвоза олдида уймалашаётган оқ-қора башанг либосдаги ўнлаб меҳмонларни кўрди.
“Даҳрийлар оммаси жам бўлмиш!
Лекин бу оқшом улар ўйлагандек якунланмайди!”
Авила бошидаги офицерлар қалпоғини тўғрилаб, камзулини текислади, ўзини олдиндаги вазифа учун руҳан тайёрлади. “Бугунги кеча ҳар доимги оқшомлардан фарқ қилади. Бугун энг буюк бурч – тақво ҳимояси учун жанг бўлади.”
Адмирал чўнтагидаги тасбеҳни эҳтиёткорлик билан ушлаб, музей дарвозаси томон йўл олди.
Учинчи боб
Гуггенҳайм музейининг ички дизайни ўта замонавий черковни ёдга солади.
Остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйган заҳоти Лэнгдоннинг нигоҳи беихтиёр шифтга кўтарилган баланд ойнаванд парда, унга ҳамоҳанг равишда ўрнатилган олтмиш метрли баҳайбат оппоқ устунларга қўшилиб тепага йўналди. Бино гумбазидаги галоген прожекторлардан ёрқин ёғду тараларди. Тепадаги айвонларда оқ‐қора кийинган меҳмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тепадаги галереяларни айланар, кенг деразалар ёнида туриб, мафтункор кўл манзарасини томоша қиларди. Девор бўйлаб ҳаракатланаётган шаффоф лифтлар овоз чиқармай, меҳмонларга хизмат қилаётганди.
Лэнгдон умри бино бўлиб бунақасини кўрмаган. Музейдаги ҳар бир деталь, ҳаттоки акустика ҳам ўзига хос туюлди. Товуш ютувчи махсус ускуналар шарофати билан анъанавий музейларда ҳамиша сокинлик ҳукмрон бўлади. Меҳмонларнинг шиша ва тошлардан қайтаётган шивирлаган товушлари Гуггенҳаймга ўзгача руҳ бағишларди. Фақат ичкаридаги ҳавогина барча музейларга хос мусаффо эди. Чунки ҳаво аввал оксидлантирилиб, сўнг ионланган сув билан 45 фоиз намлик ушлаб турилади.
Шунингдек, музейдаги хавфсизлик тизими ҳам сезиларли даражада мустаҳкам бўлиб, қаторасига текширув ускуналари жойлаштирилган, ҳар бурчакда қуролланган соқчилар турарди. Лэнгдон улардан ўтиб, рўйхатга олиш столи ёнига борди. У ерда турган ёшгина жувон қулоқчин тарқатаётганди.
– Audioguía? – испанчалаб сўради аёл.
– Раҳмат, шарт эмас, – профессор жилмайиб, бош чайқади ва ундан узоқлашмоқчи бўлганда аёл тўхтатиб, соф инглиз тилида деди:
– Маъзур тутгайсиз, жаноб, лекин кеча ташкилотчиси Эдмонд Кирш меҳмонларнинг қулоқчин тақишини сўраган. Бу дастурнинг бир қисми ҳисобланади.
– Шундайми? Ундай бўлса, албатта, оламан.
Лэнгдон столдаги наушниклардан бирига қўл чўзди, лекин жувон ундан шошмасликни сўраб, меҳмонлар рўйхатидан профессорни текширди, кейин унинг исмига мос бўлган рақамли қулоқчинни топиб узатди ва изоҳ берди:
– Бугунги сайр ҳар бир меҳмон учун алоҳида ишлаб чиқилган.
“Ростданми?” Лэнгдон атрофдаги юзлаб меҳмонларга қаради.
У қўлига "қулоқчин" деб берилган, ҳар учига силлиқ ёстиқча ўрнатилган теп‐текис ҳалқага ажабланиб қаради. Унинг ҳайратини сезган аёл ёрдамга ошиқди:
– Бу энг сўнгги русумдаги қулоқчин, – тушунтирди у. – Ёстиқчалар қулоққа