Ибтидо. Дэн БраунЧитать онлайн книгу.
бошланган? Биз қандай пайдо бўлганмиз?” бўлса керак.
– Мутлақо тўғри. Айтганларингизнинг иккиси ҳам битта савол саналади. Иккинчи савол эса биринчисининг мантиқий давоми сифатида “Биз қаердан пайдо бўлганмиз?” эмас… балки…
– “Бизни олдинда нима кутмоқда?”
– Айнан шундай! Мана шу икки жумбоқ инсон тажрибасининг асосини ташкил қилади. Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Инсоният ибтидоси ва инсоният тақдири – умумбашарий жумбоқдир, – Эдмонд кўзларини катта‐катта очиб, хавотир билан Лэнгдонга қаради. – Роберт, менинг кашфиётим… иккала саволга аниқ жавоб беради.
Лэнгдон иложи борича Эдмонднинг оғзидан чиққан жумлаларни тушуниб, мағзини чақишга уринарди.
– Мен… нима дейишни билмайман, рости…
– Бирор нарса дейишга ҳожат йўқ. Бу масалани тақдимотдан сўнг бафуржа муҳокама қилишга вақтимиз бўлади ҳали. Айни дамда мени бошқа нарса – кашфиётимнинг эҳтимолий салбий оқибати ташвишга солмоқда.
– Қандайдир кўнгилсизлик бўлишидан чўчияпсанми?
– Бунга шубҳам йўқ. Иккала жумбоққа жавоб топиш орқали асрлар давомида қарор топган диний таълимотлар билан ихтилофга киришдим. Инсон ибтидоси ва инсон тақдири ҳақида гапириш анъанага кўра, динларнинг томорқаси бўлиб келган. Мен эса бегона ҳудудга бостириб кирдим. Дунё динлари мен эълон қилмоқчи бўлган нарсани бағрикенглик билан қабул қилмаслиги кундек равшан.
– Шошма, демак, ўтган йили Бостондаги тушлик устида дин ҳақида гапириб, нақ икки соат бошимни қотирганинг бекорга эмас экан-да? – сўради Лэнгдон.
– Шундай. Эсингизда бўлса, бизнинг асримизда барча диний тўқималар илмий кашфиётлар сабабли бутунлай йўқликка маҳкум этилади, деб сизга ваъда бергандим.
"Буни унутиб бўларканми", деб хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Киршнинг ишонч билан айтган сўзлари Лэнгдоннинг хотирасида сўзма‐сўз сақланиб қолганди.
– Ёдимда, Эдмонд. Сенинг фикрингга қарши чиқиб, дин минг йиллардан бери илм‐фандаги мислсиз кашфиётларга бардош бериб келаётгани ва у жамиятда муҳим аҳамиятга эга эканини айтгандим. Албатта, динлар ҳамиша ўзгариб келган, ўзгаришда давом этади, лекин ҳеч қачон ўлмайди.
– Шундай. Мен ҳам сизга илмий ҳақиқатларни юзага чиқариш орқали барча динларни Ер юзидан супуриб ташлаш ҳаётимдаги ягона мақсадга айланганини таъкидлагандим.
– Ҳаа, қаттиқ гапиргандинг.
– Ўшанда менга агар қачондир диний таълимотларни рад қиладиган ёки уларга мос келмайдиган “илмий ҳақиқат”ни кашф қилсам, уни бирорта диний олим билан муҳокама қилишим зарурлигини маслаҳат бергандингиз. Бунинг натижасида фан ва дин кўпинча бир ҳикояни икки тилда айтишини англашим мумкинлигини айтгандингиз.
– Худди шундай. Олимлар ва диндорлар оламнинг айни бир хил сирларини тасвирлашда турли луғатлардан фойдаланишади. Улар орасидаги ихтилоф одатда модда эмас, маъно сабаб вужудга келади.
– Мен маслаҳатингизга амал қилдим, Роберт, – давом этди Кирш. – Ва диний раҳнамоларга кашфиётимни ошкор этдим.
– Нима?
– “Дунё