Латте омили. Джон Дэвид МаннЧитать онлайн книгу.
кун ўйлаб юрган фотосурати олдига боргунига қадар юришда давом этди.
Бу ўша фотосурат эди. Худди ўша. Зои салкам икки метр нарида тўхтади ва унга тикилиб қолди.
Бу бир қарашда кучли таассурот қолдирадиган манзара эмас – ҳеч бўлмаганда, сиртдан шундай туюлмасди. Қирғоқ яқинида жойлашган қишлоқдаги тонг палласи. Ўнг томонда балиқчиларнинг кичик кемаси денгизга чиқишга тайёрланмоқда. Одамлар кичик бандаргоҳ бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юриб, қишлоқдаги юмушлари билан овора.
Нима уни ўзига бунчалик жалб этган экан?
У бир неча қадам яқинлашди ва бу ўнг бурчак остидаги миттигина босма ёзувни ўқиши учун кифоя бўлди. Эҳ, хуллас, суратга нарх қўйилганди: 1200 доллар.
Зоининг юраги уришдан тўхтаб қолди. Биргина сурат учун бу нарх қимматлик қилади, лекин… бу ўзгача сурат, шундай эмасми?! Бошқа томондан ўйлаб қаралса, 1200 доллар унчалик катта пул эмас. Квартира учун тўланадиган ойлик ижара тўловидан камроқ. Зои буни сотиб олишга қодир бўлиши керак эди. Аммо у охирги марта истаган буюмига бемалол сарфлаши учун қачон ўз ҳисобида шунча маблағ турганини эслай олмади.
Ҳа, мана энди аниқ эслади: ҳеч қачон бунақа бўлмасди.
У сурат қаерда олинганини билиш учун ўша белги томонга яна бир бор эгилиб қаради, лекин бошқа ҳеч нима ёзилмаганди. Аслида, қўштирноққа олинган биргина сўздан иборат сурат номи нархга қўшимча берилган ягона маълумот эди:
“Ҳа”. Бу денгиз бўйидаги қишлоқ фотосурати учун ғалати номдек туюлди. Нима дегани бу Ҳа? Бироқ, Зои суратга яна бир назар ташлагач, сурат номи ўзига ярашиб тургандек кўринди. Бу қаер бўлди экан? Грециядаги ороллардан бири бўлса керак.
“Сен қаердасан? – пичирлади у. – Родосдами? Санторинидами?”
Йўқ, у ерда эмасди.
“Крит оролидами ё?”
– Миконосда.
Овоз қулоғининг тагида эшитилганидан қиз сапчиб тушди ва қўлидаги қаҳвани тўкиб юборишига сал қолди.
– Кечирасиз, – узр сўради бир киши. – Ўзингизга билдирмай яқин келмоқчи эмасдим, бутун диққатингиз фотосуратда бўлгани учун сезмадингиз. Хўш, бу сурат эътиборингизни тортдими?
Зои бош ирғади.
– Жуда чиройли. Ёруғлиги ҳам ажойиб. Сурат ростдан ҳам “Ҳа” деб тургандек, – дея қўшиб қўйди Зои номига ишора қилиб.
Эркак сурат ёрлиғига қаради ва бош ирғади. Зои қўлини узатди:
– Мен Зоиман, Зои Дэниелс.
Эркак Зои билан қўл бериб кўришди. Унинг қўллари бамисоли рассомлар сурат чизадиган юпқа мато сингари қуруқ ва совуқ эди.
– Ҳенри Ҳайдн, – деди у, бу сўзни худди ўйин3 номи каби талаффуз қилиб. – У қадар машҳур бўлмасам ҳам, исмим таниқли бастакорнинг исмига ўхшайди.
– Ҳенри, – такрорлади Зои.
Уни энди таниди. Бу – ўша бариста.
– Ўйлаганингиздан кўра машҳурроқсиз.
Эркак “Йўғ-э?” дегандек бошини бир томонга эгди.
– Бошлиғим менга сиз ҳақингизда гапирганди, – тушунтирди Зои. – Айтишича, бу ерга келиб, сиз билан гаплашиб
3
“Hide-and-seek” – бекинмачоқ.