ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк ТвенЧитать онлайн книгу.
Уйга эса сариқ чақа ҳам олиб келмаган бўлсанг керак?! Ҳали шошмай тур! Агар уйга пулсиз қайтган бўлсанг-у, чиллакдай ингичка қовурғаларингни уриб синдирмасам, Жон Кенти отимни бошқа қўяман!
Шаҳзода бу ароқхўрнинг чангалидан силтаниб чиқди ва унинг ифлос панжаси тегиб булғаган ва оғритган елкасини ижирғаниш билан силаган кўйи бақириб қолди:
– Э-ҳа, сен унинг отасимисан? Тақдирнинг марҳаматига шарафлар бўлгай! Мени ўз уйимга олиб бор, уни эса саройдан олиб кет.
– Унинг отаси? Нима демоқчи эканингни билолмадим, лекин сенинг отанг ўзим эканимни аниқ биламан… Яхшилаб адабингни берганимда бу дарров эсингга тушади…
– Менга ҳазиллашма, айёрлик қилма ҳамда вақтни ҳам чўзма! Мен чарчаганман, баданим моматалоқ, сабр қилишга қувватим етмайди. Мени қирол отамнинг ҳузурига олиб бор, у сени ҳатто энг ғаройиб тушларингга ҳам кирмаган бойликлар билан мукофотлайди. Менга ишон, ишонавер, сени алдаётганим йўқ, айни ҳақиқатни айтяпман! Менга ёрдам қўлингни чўз ва азоблардан қутқар! Камина ҳақиқатан ҳам Уэлс шаҳзодаси эрур!
Жон Кенти болага ҳайрат билан тикилди ва бошини сарак-сарак қилиб, минғирлади:
– Эсингдан айрилибсан, бола, худди ҳозиргина жиннихонадан чиқиб келаётганга ўхшайсан.
Кейин шаҳзодани яна ёқасидан олди-да, хирилдоқ овозда сўкина бошлади:
– Миянг айниганми, йўқми, лекин биз бувинг билан ҳар бир қовурғангни санаб чиқмасак, Жон Кенти отимни шартта ўзгартириб юбораман!
У ғазабланган шаҳзодани типирчилаб қаршилик кўрсатишига қарамасдан судраб кетди ва исқирт кўча дайдиларининг сершовқин шодон қичқириқлари остида у билан бирга яқин атрофдаги ҳовлиларнинг бирида ғойиб бўлди.
V БОБ
ТОМ – АСЛЗОДА
Том Кенти шаҳзоданинг хосхонасида ёлғиз қолгач, ўзининг одам нигоҳидан панада эканидан унумли фойдаланиб қолди. У катта кўзгу ёнида гоҳ ундай, гоҳ бундай туриб, ўзининг ғаройиб либосларидан завқланди, кейин шаҳзоданинг шоҳона қадам босишига тақлидан нари-бери юриб кўраркан, бунинг қанчалик салобат бағишлашини кузатиш учун ҳамма вақт нигоҳи кўзгуда бўлди. Сўнг эса чиройлигина қилични яланғочлади ва чуқур таъзим ила унинг тиғини ўпгач, бағрига маҳкам босди. Беш-олти ҳафталар муқаддам болакайнинг кўз ўнгида бир олийжаноб жўмардтўра5 Норфолк ва Саррей насабли машҳур лордларни қамоқхонага жойлаштириш учун Тауэрнинг комендантига топшираётганида унга шу тарзда эҳтиром кўрсатган эди. Том ёнбошига илинган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган ханжарни ўйнади, хосхонанинг ҳашаматли ҳамда қимматбаҳо жиҳозларини томоша қилди, зийнатли курсиларнинг ҳар бирига керилиб ўтириб кўрди ва агар Сарқитлар Ҳовлисида яшайдиган болалар бу ерга ҳеч бўлмаса эшик тирқишидан мўралаб, уни мана бундай салобатли ҳолда кўришса, ўзини қандай шоҳона тутган бўлишини тасаввур қила бошлади. Уйга қайтганида одамлар унинг ғаройиб ҳикояларига ишонишармикан ёки бошларини сарак-сарак қилиб, унинг хомхаёллари чегарадан чиқиб кетгани ва охир-оқибат ўзи ҳам ақлдан озиб