Уч мушкетёр. Александр ДюмаЧитать онлайн книгу.
сўзимни кафилга қўяман, лекин, иккимиздан биримиз ёлғон гапираётганимиз, шубҳасиз, Биласанми нима, Монтаран? Кел, яхшиси, уни бўлишиб олайлик.
– Рўмолчаними?
– Ҳа.
– Офарин! – қичқириб юборишди гвардиячи улфатлар. – Соломон суди! Арамис, чиндан ҳам мужассам ақлсан!
Йиғитлар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди, бутун гап шу билан барҳам топгани ҳар кимсага аён эди. Бир неча дақиқадан сўнг суҳбат узилди ва ҳамсуҳбатлар бир-бирларининг қўлларини самимият билан қисиб, хўшлашдилар. Гвардиячилар бир тарафга, Арамис – бошқа томонга юриб кетишди.
«Мана, бу олижаноб киши билан ярашиб оладиган қулай фурсат», – ўйлади суҳбат давомида четга чиқиб турган д’Артаньян.
У хайрли туйғуга бўйсуниб, унга ортиқ парво қилмай кетаётган мушкетёрни қувиб етишга шошилди.
– Тақсир, – мушкетёрга етай-етай деб қолганда гапирди д’Артаньян, – мени авф этасиз, деб умид қиламан…
– Муҳтарам жаноб, – унинг сўзини бўлди Арамис, – бу масалада сиз ўзингизни олижаноб кишига ярашмаган тарзда тутганингизни айтиб ўтишга ижозат бергайсиз.
– Ие, муҳтарам жаноб! – хитоб қилди д’Артаньян. – Сиз ҳали ўйлайсизки…
– Мен ўйлайманки, тақсир, сиз аҳмоқ эмассиз ва Гаскондан келган бўлсангиз ҳам рўмолчага сабабсиз оёқ қўйилмаслиги сизга маълум бўлса керак. Париж батис рўмолчалар билан қопланганмас, азбаройи шифо!
– Тақсир, мени камситишга бекор уринаяпсиз, – жиззаки феъли тинч ниятларидан устун кела бошлаб деди д’Артаньян. – Мен ҳақиқатан ҳам Гаскондан келганман ва, модомики, бу сизга маълум экан, гасконликлар унчалик тўзимли бўлмайди, деб эслатиб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Гарчи, номаъқулчилик қилган тақдирда ҳам улар бир қур узр сўраб, керагидан икки ҳисса ошириб юбордик, деб ишониб юришади.
– Тақсир, мен буни ҳаргиз сиз билан жанжаллашиш истагида айтмадим. Мен, худога шукур, аллақандай уришқоқ эмасман, мушкетёрлигим ҳам омонат, холос. Мен фақат ноилож қолганда уришаман, ҳамиша кўнглим тортмай туради. Лекин, бу гал иш ҳазилакам эмас, бунда гап сиз обрўсини тўккан хоним ҳақида кетаяпти.
– Биз обрўсини тўккан! – хитоб қилди д’Артаньян.
– Менга рўмолчани узатганингиз нимаси?
– Рўмолчани туширганингиз нимаси?
– Мен сизга бир айтдим ва такрор айтаман, бу рўмолча менинг чўнтагимдан тушгани йўқ.
– Демак, сиз икки марта ёлғон гапирдингиз, тақсир, зеро уни худди сизнинг чўнтагингиздан тушганини ўзим кўрдим.
– Аҳ, ҳали шунақа гаплашаман денг, жаноб гасконлик! Мен сизга муомалани ўргатиб қўяман!
– Мен бўлсам, сизни ибодат қиладиган жойингизга қайтариб юбораман, жаноб аббат! Марҳамат қилиб, қиличингизни чиқаринг, қани, бўлинг!
– Йўқ, йўқ, азизим, бу ердамас, ишқилиб. Сиз кўрмаяпсизми ахир, биз кардинал ҳамтовоқларига тўлибтошган д’Егилёнлар уйининг қаршисида турибмиз. Бошимни келтиришни сизга падари бузруквор буюрмаган, деб ким кафил бўлади? Биласизми, мен кулгили равишда ўз бошимни қадирлайман. У елкаларимда жуда ярашиб тургандай