Уч мушкетёр. Александр ДюмаЧитать онлайн книгу.
синчиклаб хаёлидан ўтказарди. Жиддий чеҳраси ва улуғсифат қомати билан унда ғоят яхши таассурот қолдирган Атосдан у узр сўраб, унинг дўстона муносабатига ноил бўламан, деб умид қиларди. Ўлмай қолган тақдирда ҳаммага тарқатиши мумкин бўлган тасма воқеаси билан Портосни қўрқитаман, деб у ўзини юпатардики, ўз ўрнида маълум қилинган бу ҳикоя Портосни дўсту биродарларига кулгили кўрсатмай қололмасди. Ҳийлагар Арамисга келганда, д’Артаньян ундан айтарли чўчимасди. Унгача навбат етади, деб фараз қилинган чоғда ҳам, д’Артаньян уни бир ёқли қилиб қўя қолишга ёки Цезар Помпей аскарлари хусусида берган маслаҳатига амал қилиб у ҳам рақибининг ошкор бино қўйиб юрган ҳуснига путур етказишга қасд қилди.
Бундан ташқари, д’Артаньянда асл маъноси «Қирол, кардинал ва жаноб де Тревилдан бўлак ҳеч кимга бўйсунмаслик» деган гапдан иборат ота насиҳатларига асосланган мустаҳкам журъат яшарди. Шу учун ҳам у Дешо монастири томон юрмасди, балки, учиб борарди. Бу ойналари пачоқ, ҳувиллаган бино худди Пре-о-Клерк сингари эҳтиёжларга хизмат қилувчи унумсиз дашт билан ўралган эди: одатда у ерда вақти тиғиз кишилар уришиб турардилар.
Д’Артаньян монастир яқинидаги қирга етганда тушликка занг урилди. Атос уни бор-йўғи беш дақиқа кутган эди – бинобарин, мубораза қонунларининг энг қаттиққўл ҳаками ҳам унга таъзир беришга баҳона тополмасди.
Гарчи, де Тревилнинг табиби янгидан боғлаб қўйган бўлса-да, яраси ҳали анча азоб бераётган Атос харсангда ўтирар ва ҳар вақтдагидай виқор билан, хотиржам ҳолда рақибини кутарди. Д’Артаньянга кўзи тушиб, у ўрнидан қўзғалди ва одоб билан унинг истиқболига бир-икки қадам босди. Д’Артаньян ўз навбатида шляпасини патлари ерда судралгудай қўлда тутиб, рақибига яқинлашди.
– Тақсир, – деди Атос, – мен икки дўстимни чақиртирган эдим, шулар менинг ҳакамларим бўлишади. Лекин, бу дўстлар ҳали келишмади. Уларнинг ҳаялланганига ҳайронман: уларнинг бундай одати йўқ эди.
– Менинг ҳакамларим йўқ, – деди д’Артаньян. – Парижга кечагина келдим, бу ерда жаноб де Тревилдан бўлак бирор танишим йўқ, мени у кишига бир вақтлар дўсти бўлишга мушарраф бўлган отам тавсия қилган.
Атос бир зум ўйланиб қолди.
– Сиз фақат жаноб де Тревиль билан танишмисиз?
– Ҳа, тақсир, мен фақат у киши билан танишман.
– Роса қизиқ бўлди-ку! – ҳамсуҳбатига қандай бўлса, ўзига ҳам худди шундай мурожаат билан гапирди Атос! – Роса қизиқ бўлди-ку! Бироқ, мен сизни ўлдириб қўйсам, ёш болага зомин бўлган, деб номим чиқади-ку.
– Унчаликмас, тақсир, – ориятдан холи бўлмаган таъзим билан эътироз билдирди д’Артаньян. – Сизни шубҳасиз безовта қилаётган ярангизни аямасдан мени ўзингиз билан уришишга мушарраф қилганингиздан кейин, унчаликмас.
– Жуда безовта қилаяпти, чин сўзим. Эътироф қилишга мажбурман, сиз мени жуда ёмон туртиб юбордингиз. Лекин, мен қилични чап қўлимда тутаман, бундай пайтларда ҳамиша шундай қиламан. Бундан аҳволингизни енгиллашди, деб ўйламанг, мен иккала қўлим билан ҳам бирдай эркин ҳаракат қиламан. Бу сизга бир оз