Ахлоқи кабир. АристотельЧитать онлайн книгу.
сўзи комадзейн (базм қилмоқ) феълидан эмас, балки шаҳарликлар томонидан қадр-қиммат қилинмаганларнинг комлар (қишлоқлар) бўйлаб дарбадар кезишидан келиб чиққан9; шунингдек, «ҳаракат қилмоқ» тушунчаси ҳам уларда дран, афиналикларда эса праттейн сўзи билан ифодаланади. Шундай қилиб, акс эттиришдаги тафовутлар қанча ва қандай бўлиши тўғрисида етарли сўзланди.
IV
Поэтик санъатнинг келиб чиқишига очиқ-ойдин иккита сабаб бўлиб, иккаласи ҳам табиийдир. Биринчидан, тақлид, ўхшатиш инсонга болаликдан хос бўлган хусусият. Инсон бошқа жонли мавжудотлардан ўхшатиш қобилиятига эга эканлиги билан ҳам фарқланади, ҳатто дастлабки билимларни у ўхшатишдан олади ва бу жараён самаралари барчага ҳузур бағишлайди. Буни қуйидаги далил ҳам исботлайди: биз ҳақиқатда ёқимсиз кўринган нарсаларга, масалан, жирканч жонивор ва мурдалар тасвирига завқ билан боқамиз. Бунинг сабаби шундаки, билим олиш фақат файласуфларгагина эмас, балки бошқа кишиларга ҳам жуда ёқади, фарқ шундаки, оддий одамлар билиш учун томоша қилмайдилар. Улар тасвирга завқланиб қарайдилар, чунки унга боқиб «манави нарса бундай экан», деб мулоҳаза юритишни ўрганадилар. Агар ўхшаши тасвирланган нарсани аввал кўрмаган бўлса, ўхшатишдан эмас, балки бичим, бўёқ ёки шунга ўхшаш бошқа бир нарсадан завқ туядилар.
Зероки, ўхшатиш гармония ва ритм сингари қадимданоқ одамларнинг табиатига хос хусусиятдир10 (вазнлар – ритмнинг махсус тури эканлиги сир эмас), одамлар қадимданоқ табиатан ўхшатишга қобилиятлидирларки, улар буни оз-оздан тараққий эттира бориб, бадиҳа шеърлар (импровизация)дан ҳақиқий поэзияни юзага келтирганлар.
Поэзия шоирларнинг шахсий характерига мувофиқ икки турга бўлинади: чунончи, жиддийроқ шоирлар гўзал қилиқлар ва унга монанд кишиларни тасвир этадилар. Худди олдингилари гимн ва мадҳ қўшиқлар яратганидек, кейингилари дастлаб ҳажвий қўшиқлар тўқийдилар. Шоирлар Ҳомергача ҳам кўп бўлган бўлса-да, биз Ҳомернинг «Маргит»и ва шу хилдаги асарларига монанд бирон асарни таъкидлай олмаймиз. Мана шу шеърларда энг қулай ямб ўлчови пайдо бўлдики, у ҳозиргача ямбик (истеҳзоли) вазн, деб аталади, чунки унинг воситасида кишилар бир-бирларига истеҳзо қилганлар. Натижада қадимги шоирларнинг баъзилари қаҳрамонлик вазни ва баъзилари ямбларнинг ижодкорлари бўлиб қолдилар.
Ҳомер поэзиянинг мураккаб турида ҳам шу қадар буюк эдики, у мукаммал шеър ижод қилибгина қолмай, балки драматик тасвирларни ҳам ярата олди11. У масхаралашга эмас, кулгили нарсага драматик пардоз бериб, биринчи марта комедиянинг асосий шаклларини ҳам бунёд қилди, бинобарин, «Илиада» ва «Одиссея» трагедияга қанчалик тааллуқли бўлса, унинг «Маргит»и комедияга шунчалик монанддир. Трагедия ва комедиялар вужудга келганида эса, табиатан поэзиянинг шу турларига мойил бўлган ямбчилар энди комик шоирлар, эпиклар эса трагиклар бўлиб қолдилар, чунки мазкур шакллар аввалгиларига нисбатан аҳамиятлироқ
9
Афинада «комлар» деб қишлоқларни эмас, аксинча, шаҳар маҳаллаларини айтишган.
10
Ўхшатиш, акс эттириш табиийлиги ҳар қандай санъатнинг манбаи, гармония ва ритм табиийлиги – поэзия санъатининг манбаи.
11
Драматик тасвирлар – яъни драма сюжетидаги кескин ўзгариш, тўсатдан билиш ва бошқа унсурлардан иборат тасвирлар.