Ахлоқи кабир. АристотельЧитать онлайн книгу.
азоб – (ифодаси) сиз, хунуклик ва айниганликни тасвирлашдир.
Шундай қилиб, трагедия соҳасидаги ўзгаришлар ва уларнинг айбдорлари бизга аён, комедиядаги ўзгаришлар эса бизга номаълум, чунки унга бошданоқ эътибор бермаганлар; ҳатто комиклар учун хорни эндигина архонт театри нисбатан кечикиб бера бошлади, дастлаб у ҳаваскорлардан ташкил топган эди15. У муайян шаклга эга бўлгандан кейин эса, унинг ижодкорларининг номлари эслана бошланди. Аммо ниқобни, прологни ким киритган, актёрлар миқдорини ким орттирган ва бошқа қатор масалалар номаълум бўлиб қолмоқда. Кулгили ривоятларни Эпихарм ва Формий ёза бошладилар. Бу кашфиёт даставвал Грецияга Сицилиядан ўтди, бироқ Афина комикларидан Кратет биринчи бўлиб ямб билан шеър ёзишни ташлаб, нутқ (диалог) ва умумий руҳдаги ривоятларни ярата бошлади.16
Эпопея муҳим воқеалар (шахслар ва хаттиҳаракатлар)ни акс эттиришга интилиб, дабдабали вазндан ташқари барча соҳаларда трагедияга эргашди. Эпопея трагедиядан вазннинг бир хиллиги ва баён услуби билан, шунингдек, ҳажми билан фарқланар эди. Зеро, трагедия иложи борича бир кунлик (ёки ундан сал ошиқроқ) вақт доирасига жойлашишга интилади, эпопея эса вақт жиҳатдан чекланмаган, асосий фарқ мана шунда; дарвоқе, дастлаб бу хусусият трагедия ва эпосларда бир хил эди. Трагедиянинг баъзи қисмлари эпопеяга муштарак, баъзи қисмлари эса фақат ўзига хос хусусиятларга эга. Шунинг учун яхши билан ёмон трагедияни фарқлай оладиган кимса эпосларнинг яхши-ёмонини ҳам ажрата олади. Чунки эпопеяда нима бўлса, у трагедияда ҳам мавжуд, аммо трагедияда нима бўлса, ҳаммаси ҳам эпопеяда мавжуд бўлавермайди.
VI
Гексаметрларда тасвирлаш санъати ва комедия ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса юқорида айтилганлардан муайян моҳияти англашилувчи трагедия ҳақида мулоҳазалар юритамиз. (Мана бу таъриф:) Трагедия муайян ҳажмли, турли қисмлари турлича сайқалланган тил ёрдамида, баён воситасида эмас, балки хатти-ҳаракат орқали кўрсатиладиган ва изтироб билан инсон руҳини покловчи муҳим ва тугал воқеа тасвиридир.
«Сайқалланган тил» деганда мен ритм, гармония ва мусиқийликка эга бўлган тилни назарда тутаман. «Турли қисмлари турлича сайқалланган» деганда эса, баъзи қисмлари фақат вазн билан, бошқа қисмлари ҳам вазн, ҳам мусиқийлик билан безалган нутқ англашилади.
Тасвирлаш ҳаракат орқали ифодалангани учун зарурийлик нуқтаи назаридан трагедиянинг биринчи унсури (ёки қисми) манзара, кўриниш орасталиги бўлади, ундан кейин иккинчиси мусиқа қисми ва учинчиси тилдир. Фақат ана шу воситалар орқалигина акс эттириш содир бўлади. Тил деганда мен асарнинг вазн қурилишини кўзда тутаман. Мусиқа қисми нимани англатиши эса изоҳсиз ҳам равшандир.
Шундай қилиб, трагедия қилмиш тасвири бўлиб, у эса муайян характер ва фикрлаш тарзига эга бўлган қаҳрамонлар томонидан амалга оширилади. (Худди шунга мувофиқ биз уларни қандайдир қилмишлар деб
15
Трагедияда хор VI аср охиридан, комедияда – 465 йилдан давлат ҳисобига ўтган. Бинобарин, Хионид ва Магнет у вақтда ҳаваскорлар орасида ижро этишган.
16
Эпихарм ва унинг издоши Формий илк марта «коҳиш» қўшиқларидан «кулгили» қўшиқларга ўтган шоирлар саналади. Кратет ҳам Аттика комедиясида шундай қилган.